Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботи кўриб чиқилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2023 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди. 

Мажлисда Ҳисоб палатаси раиси Адиз Бобоев маъруза билан сўзга чиқди. Ҳисоботда 2023 йилда Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджетининг ижроси, белгиланган режа асосида тегишли вазирлик ва идораларда ўтказилган назорат ҳамда риск-таҳлил тадбирлари натижалари тўғрисида батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва топшириқларида белгиланган вазифалар асосида амалга оширган. 

Ҳисоботда келтирилишича, Ҳисоб палатаси томонидан 2023 йилда белгиланган вазифалар доирасида 77 та назорат тадбирлари ҳамда 53 та тематик ва риск таҳлиллари амалга оширилди.

Жумладан, муассасанинг биринчи вазифасига асосан, 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулоса киритилгани айтиб ўтилди.

Ахборотда Ҳисоб палатаси томонидан мақсадли индикаторларнинг бажарилиши, харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлиги, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, давлат ташқи қарзи ҳисобига жалб қилинган маблағларнинг ўзлаштирилиши, давлат дастурларининг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигини аудитдан ўтказиш борасида қилинган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, онлайн ва вертикал назоратни кучайтириш мақсадида Ҳисоб палатасида “Масофавий назорат” маркази ташкил этилган.  

Унга 28 та вазирлик ва идораларнинг 115 турдаги маълумотлар базалари интеграция қилинган. 36 та йўналишда риск таҳлиллари амалга оширилиб, уларнинг профилактикасини олиб бориш йўлга қўйилган. 

Таъкидланганидек, назорат тадбирлари ва таҳлиллар натижасида ортиқча харажатларнинг олди олинган, бюджет харажатлари мақбуллаштирилиб, бошқа долзарб масалаларни молиялаштириш учун қайта йўналтирилган. 

Мажлисда депутатлар Ҳисоб палатасининг давлат молиявий назоратини рақамлаштириш ҳамда илғор назорат усулларини қўллаши борасидаги ишлар тўғрисида ўз муносабатларини билдиришди. 

Шунингдек, бюджет даромадларининг тўлиқлигини таъминлаш, мавжуд имконият ва захиралар эвазига қўшимча манбаларни ишга солиш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларини тўлиқ шакллантириш ва самарали ишлатиш борасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича Ҳисоб палатасининг ахбороти қизғин муҳокама килинди. 

 

Мажлисда Ҳисоб палатасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

7 Май 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея