Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фракциялар йиғилишида Ҳисоб палатасининг ҳисоботи эштилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев ва масъул ходимлари Ҳисоб палатаси томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. 

Жумладан, Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 13 та ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2 та моддасига ўзгартиришлар киритилганлиги таъкидланди. 

Шунингдек, ҳисобот йилида давлат молиявий назоратини рақамлаштириш бўйича муҳим ўзгаришлар амалга оширилиб, хусусан, “Масофавий назорат” маркази ташкил этилганлиги айтиб ўтилди. 

 

 

Ҳисоб палатаси томонидан 2023 йилда белгиланган вазифалар доирасида 77 та назорат тадбирлари ҳамда 53 та тематик ва риск таҳлиллари амалга оширилганлиги таъкидланди.  

Хусусан, Ҳисоб палатаси томонидан бюджет лойиҳасини янада такомиллаштириш, мақсадли индикаторларнинг бажарилиши, харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлиги, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, давлат ташқи қарзи ҳисобига жалб қилинган маблағларнинг ўзлаштирилиши, давлат дастурларининг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигини аудитдан ўтказиш борасида қилинган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Мажлисда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари Ҳисоб палатасининг йиллик ҳисоботига ўз муносабатини билдирди. 

 

Ҳисоб палатасининг ахбороти кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилиши кун тартибига киритиш масаласи қўллаб-қувватланди.

 

6 Май 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея