Жаҳон банки экспертлари билан учрашув
Жаҳон банки экспертлари ва Ҳисоб палатаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувдан кўзланган мақсад Ҳисоб палатаси ва Жаҳон банки ўртасида ҳозирги кунга қадар амалга оширилган ҳамкорлик ҳамда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев ушбу муассасада амалга оширилаётган трансформацион жараёнлар ҳақида сўз юритди.
Хусусан, ҳозирда Ҳисоб палатаси 12 та энг катта бюджет маблағлари олувчи вазирлик ва давлат идораларига бириктирилиб, уларга бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш учун амалий ёрдам бераётгани ҳамда аудит жараёнларнинг масофавий риск-таҳлиллари асосида давом этаётгани таъкидланди.
Жаҳон банки экспертлари, ўз навбатида, ушбу жараёнларни юқори баҳоладилар. Улар томонидан Марказий Осиё давлатлари Олий аудит органлари, жумладан, Ўзбекистон Ҳисоб палатасига тақдим қилинаётган “Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, Жаҳон банки Ҳисоб палатаси томонидан самарадорлик аудити йўналишида халқаро профессионал стандартларни чуқур жорий қилиш учун кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди. Ушбу лойиҳа Ҳисоб палатасининг салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Томонлар Ҳисоб палатаси ходимларининг хорижий мамлакатларда стажировкаларини ташкил қилиш, халқаро экспертларни консултант сифатида жалб қилиш ҳамда Ҳисоб палатасининг ахборот технологиялари соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш масалаларига урғу бердилар.
Жаҳон банки экспертлари ва Ҳисоб палатаси бошқа қатор истиқболли лойиҳалар юзасидан конструктив фикр алмашдилар.
14 Март 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |