Қатар Давлат Аудит бюросига ташриф
Қатар Давлат Аудит бюроси (Олий аудит органи) таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси делегацияси давлат маблағлари сарфланиши, аудитда замонавий технологиялар жорий этилиши ҳамда давлат харидлари соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Қатар Давлатининг Доҳа шаҳрида бўлди. Унда, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг масъул ходими А. Солиев ҳам иштирок этди.
Ташриф доирасида қўйидаги масалалар кўриб чиқилди:
- бюджетни режалаштириш ва харажатларни мониторинг қилиш жараёнларини рақамлаштириш;
- давлат харидлари, давлат маблағларининг сарфланиши, аудитда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш;
- ички аудит хизматларини ривожлантириш ва такомиллаштириш усуллар;
- текширишларни автоматлаштириш, маълумотларни таҳлил қилиш ва ҳуқуқбузарликларни аниқлашнинг рақамли воситаларини жорий этиш.
Қатар Давлат Аудит бюроси миллий ва халқаро профессионал аудит стандартлари асосида ўз фаолиятини олиб боради. У Яқин Шарқдаги энг фаол олий аудит органларидан ҳисобланиб, халқаро ташкилотлар (ИНТОСАИ, АЗОСАИ, АРАБОСАИ) таркибида мувофиқлик ва самарадорлик аудити, IT-аудит, давлат қарзларини аудитдан ўтказиш каби йўналишларда катта билим ва тажрибага эга.
Ташриф доирасида аудит жараёнига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш борасида Ўзбекистон Республикасининг тажрибасига оид тақдимот қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида батафсил маълумот берилиб, Давлатимиз раҳбари томонидан муассаса олдига замон талаблари даражасида юклатилган вазифалар ҳақида сўз борди.
Жумладан, республикамизда барча назорат органлари томонидан ўтказиладиган давлат аудити тадбирларини режалаштириш, ташкил этиш ва ҳисобини юритиш “Давлат аудити” дастурий комплекси, шунингдек, давлат идораларининг ахборот базаларидан маълумот олган ҳолда таҳлил ўтказиш “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аудит жараёнларини ташкил қилиш юзасидан маълумот берилди.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш тизими йўлга қўйилиб, ягона “Масофавий назорат” маркази ташкил этилганлиги, унинг асосий вазифаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишини олдини олиш ва мунтазам профилактика ишларини кучайтиришдан иборатлиги таъкидланди.
Шу билан биргаликда, Қатар Давлат Аудит бюроси ходимларига Ўзбекистонда идоралараро онлайн назоратни амалга оширувчи “Ijro.gov.uz” дастурий комплексининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилиб, маълумотлар алмашинуви идоралараро ҳимояланган ички каналлар орқали шифрлаш принципи (RSA) асосидаги калитлардан фойдаланиб, киберхавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.
Қатар Давлат Аудит бюроси Ўзбекистон Ҳисоб палатасида амалга оширилаётган жараёнларни ижобий баҳолаб, истиқболдаги ҳамкорлик учун тайёр эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ҳам Қатар Давлат Аудит бюросининг мувофиқлик ва самарадорлик аудити ҳамда IT-аудит йўналишларидаги фаолияти билан яқиндан танишди. Томонлар ўртасида конструктив муносабатлар ўрнатилиб, мунтазам ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан давлат харидлари, бюджет маблағларини сарфланишида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан қатор маслаҳатлар ва тавсиялар тақдим қилинди.
7 Март 2024
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея