Президент бошчилигида қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги ишлар таҳлил қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Танқидий руҳда ўтган йиғилиш аввалида қурилиш соҳасидаги камчиликларнинг сабаблари кўриб чиқилди. 

Давлатимиз раҳбари инфратузилма иншооти қурилишида бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Лойиҳадан бошлаб, объектни фойдаланишга топширгунча бўлган барча жараёнларни янгича ташкил этиш мақсадида келгуси йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, қурилиш ва уларни қабул қилишда ресурс усулидан воз кечилиб, ҳажм усулига ўтилади.

Йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларини коррупциядан холи қилиш мақсадида қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади, пудратчи ташкилот бажарган ишлар фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади. Объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида тасдиқланади. 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни танлаш ҳам мазкур тизим орқали йўлга қўйилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Лойиҳа офиси тузилади. У қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг асослилигини, хавфсизлик ва энергия тежамкорлигини баҳолаб боради. Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.

Йиғилишда, шунингдек, мутасаддиларга қурилиш меъёрларини хорижий тажриба асосида янгилаш, қурилиш материаллари соҳасида “яширин иқтисодиёт”га чек қўйиш, бу борада электрон классификаторни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. 

Ташқи қарз ҳисобидан лойиҳа амалга ошириш тизими ҳам ўзгаради. Бунда лойиҳанинг баҳолаш ҳисоботи ва техник-иқтисодий асослари бир-бирига мослаштирилиб, битта лойиҳа ҳужжати ишлаб чиқилади. Натижада вақт 8-9 ойга қисқаради. Техник-иқтисодий асоси тасдиқланмаган лойиҳага қарз жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Йиғилишда шаҳарларни режалаштиришдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Ноқонуний қурилган объектларни тартибга олиш бўйича қонунчиликни мустаҳкамлаш, тегишли идоралар иштирокида янги тизим яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу йил 170 та, келаси йили камида 300 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Давлатимиз раҳбари янги уй-жойлар таннархи масаласига алоҳида тўхталди. Қурувчи компанияларни молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниши белгиланди. Кўп қаватли уйларда энергия тежаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. 

Мутасаддиларга ичимлик суви сифати стандартларини янгилаб, барча иншоотларда жорий этиш, насосларни модернизация қилиб, сув етказиб бериш таннархини камайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Жамоат транспорти қамровини оширишга алоҳида аамият қаратилди. Янги автобуслар олиб келиш, шаҳарларда йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштиришга ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мутасаддиларга йўл қурилишидаги 40 дан зиёд стандарт ва меъёрларни Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси талабларига мослаштириш топширилди.

Тошкент шаҳрида тирбандлик муаммосининг ечимини топиш, дренаж тизимини модернизация қилиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

1 апрелдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф муҳитни ифлосланиш даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилиниши белгиланди. 

Келгуси беш йил давомида Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти туманларида 3 минг гектар “яшил белбоғ” ва 200 гектар “яшил боғлар” ташкил қилинади.

Шунингдек, пойтахт кўчаларида оғир юк машиналари ва муддати 10 йилдан ошган автомобиллар ҳаракати босқичма-босқич чекланади. 2025 йил 1 январдан “Аи-80” маркали бензиндан воз кечиш масаласи ҳал этилади.

Тошкент шаҳри жамоат транспортини электр ва газга ўтказиш, метро вагонлари сонини ошириш чоралари кўрилади. “Яшил энергетика”ни қўллаб-қувватлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва зарарли оқибатларни камайтириш мақсадида аҳолини электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

 

Йиғилиш якунида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар жорий йилги режалари бўйича ахборот берди.

29 Январ 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея