Президент раислигида инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 январь куни 2024 йилда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, сўнгги олти йилда юртимизга хориждан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция кирган. Ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсган. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш мақсади белгиланган. Бунга эришишиш учун хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш зарур.

Танқидий руҳда ўтган йиғилиш аввалида ушбу соҳалардаги ишлар ҳолати, мутасаддиларнинг фаолияти кўриб чиқилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан инвестиция комплексига кирувчи барча вазир ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятига самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши белгиланди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолияти тўлиқ ислоҳ қилиниб, Ҳукумат таркибига ўтказилади. 

Экспортни қўллаб-қувватлаш тизими ҳам ўзгаради. Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида, Савдони ривожлантириш компанияси сифатида қайта ташкил этилади. 

Маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш, минтақавий ва йирик халқаро лойиҳаларни жадаллаштириш, товарларни божхона режимида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда инвестициялар самарадорлиги ва янги режалар ҳам муҳокама қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига хорижий ташрифлар ва халқаро кўргазмалар чоғида келишилган инвестиция лойиҳаларининг ижросини назоратга олиб, жадаллаштириш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилишдаги яна бир мавзу саноат ишлаб чиқаришини кўпайтириш ҳақида бўлди. Иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича янги тажриба амалга оширилиши белгиланди. Хусусан, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятидаги махсус саноат зоналарининг 240 гектар майдони хорижий компанияларга аутсорсинг асосида бошқарувга берилади.

Давлатимиз раҳбари маҳаллийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди. Жумладан, талаб юқори бўлган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотини юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, озиқ-овқат корхоналарида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

 

– Ҳар бир раҳбар фидойи бўлиб, ватани ва халқини севиб, тизими билан бирга ўз вазифаларини виждонан бажарса, биз қўяётган марраларга албатта эришса бўлади, – деди Президент.

 

Йиғилиш якунида инвестиция комплекси раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимлар жорий йилдаги режалари бўйича ахборот берди. 

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

 

18 Январ 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея