Давлат бюджети маблағлари устидан таъсирчан назорат ва мониторингни амалга ошириш бўйича янги ёндашув
Давлатимиз Раҳбари томонидан 2024 йилнинг 16 январида мақроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Ҳисоб палатасига Давлат бюджети маблағлари устидан назорат тизимини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар юклатилган эди.
Ушбу кўрсатмаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг 23-24 январ кунлари “2024 йилда давлат бюджети маблағларини мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан таъсирчан назорат ва мониторинг тизимини ташкил этиш” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Унда 12 та вазирликлардан 200 дан зиёд ички аудит хизматлари ва комплаенс назорат бўлимлари ходимлари, Ҳисоб палатасининг аудиторлари ва академик доиралар вакиллари иштирок этди. Икки кунлик ўқув-амалий семинар Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида: Амалий семинарда Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Маданият, Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва молия, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Энергетика ва Спорт вазирликлари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов, раис ўринбосарлари М.Абдуллаев ва Ў.Жуманов, Бош прокурор ўринбосари С.Самадов ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Рахимов иштирок этди.
Учрашувда Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан таъсирчан назорат ва мониторинг тизимини ташкил этиш ҳамда молиявий ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича ички аудит хизматларининг самарадорлигини ошириш масалалари танқидий руҳда кўриб чиқилди. Иштирокчилар томонидан вазирликларда ички аудит фаолиятини ташкил этишда мавжуд бўлган қатор муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари томонидан 20 дан ортиқ бюджети маблағлари устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича тематик ва тавсиявий тақдимотлар қилинди.
Тадбирда Ҳисоб палатаси томонидан жорий қилинган “Давлат аудити” дастурий комплексининг қўшимча функциялари, масофавий аудитда замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаш, ўтказилган назорат тадбирлари самарадорлигини таҳлил қилиш юзасидан маълумот берилди.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси масъуллари томонидан бюджет тизими бюджетлари маблағларидан субсидиялар ажратилишининг мақсадга мувофиқлиги, давлат харидларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши, давлат идораларида коррупциявий хатти-ҳаракатларни олдини олиш мавзуларида тақдимотлар қилинди.
Ички аудит хизматлари ва комплаенс назорат бўлимлари ходимларига ўз фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тадбир юқори даражада ўзаро мулоқот ва қизғин мунозараларга бой тарзда ўтказилди.
24 Январ 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |