Тижорат банкларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини самарали бошқариш

Ҳозирда республикамизда ўтказилаётган Аксилкоррупция ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси, Бош прокуратура ва Марказий банк ҳамкорлигида “Тижорат банкларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этиш ҳамда самарали бошқариш омиллари” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

 

Семинарда ОАВ вакиллари, барча тижорат банкларининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти учун масъул раҳбарлари ва комплаенс-назорат хизматлари бошлиқлари, Марказий банк ҳамда тижорат банклар ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва ички назорат тузилмалари масъул ходимлари видеалоқа орқали иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг коррупцияга қарши курашиш илмий таълим маркази, “Cert International” халқаро аудиторлик ташкилоти мутахассислари ҳамда етакчи тижорат банкларининг коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий қилиш борасидаги тажрибалари бўйича маърузалар тингланди. 

Семинар давомида Давлат Раҳбарининг тегишли фармон ва қарорларида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. 

 

 

Жумладан, барча тижорат банкларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ташкил этилганлиги, соҳага оид ички ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар базасининг яратилганлиги, ходимларнинг ҳуқуқий онгини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, харидлар ва ишга қабул қилиш жараёнларининг очиқлигини таъминлаш борасида фаол чоралар кўрилаётганлиги ва уларни давом эттириш таъкидланди.

Шунингдек, Марказий банк тавсиялари асосида тижорат банкларида инсон омили билан боғлиқ коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматларини рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланиб, натижада, тижорат банкларининг мобил иловалари орқали омонат, кредит ва бошқа банк хизматларидан фойдаланиш кўлами йилдан йилга ошиб бораётганлиги ва уни янада кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди. 

Тадбир давомида Ҳисоб палатаси томонидан тижорат банкларида ўтказилган коррупцияга қарши курашиш тизимлари фаолиятини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликлар юзасидан тижорат банклар вакилларига тегишли тавсиялар берилди. 

Интерактив мулоқот шаклида ўтказилган семинарда банкларнинг ҳудудий филиал раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан етакчи хорижий ва маҳаллий тижорат банкларининг тажрибалари асосида муҳокамалар бўлиб ўтди.

 

 

5 Декабр 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея