Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

 

Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 8 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 22 июнда маъқулланган

 

Мамлакатимизда давлат молиявий ресурсларининг самарали бошқарилиши, бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши устидан давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштириш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларининг ижроси самарали ташкил этилишини таъминлаш юзасидан тизимли чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, амалга ошириладиган назорат тадбирларининг мақсадлари ва тартибини белгилаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг қонунлар ижроси, шу жумладан давлат харидлари соҳасидаги қонунлар ижроси устидан давлат назоратини амалга оширишга доир вазифаларини аниқлаштириш зарурати долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига оз миқдорда талон-торож қилинганлиги ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларига эса оз миқдорда талон-торож қилинганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ваколатларини бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ўз иш режалари, молиявий ҳуқуқбузарликлар ва уларни бартараф этиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиришга, шунингдек жамоатчиликни ўз фаолияти ҳақида ҳар чоракда хабардор қилиб боришга доир мажбуриятларини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларининг шакллари ва турлари белгилаб қўйилмоқда ҳамда унинг қонунлар ижроси устидан назоратни ташкил этишга доир вазифалари аниқлаштирилмоқда.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолиятини такомиллаштиришга ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишига, шунингдек бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг олдини олишга ва бюджет интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5-6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4-5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, №10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9, 335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар, № 9, 247, 252-моддалар, № 12/2, 365-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 1, 2-модда, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 430, 431, 432-моддалар, № 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161, 165, 166-моддалар, № 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469, 471-моддалар, № 9, 591, 592-моддалар, № 10, 674, 676-моддалар, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 203, 204-моддалар, № 7, 449-модда, № 9, 539, 540-моддалар, № 10, 593, 596-моддалар, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, № 2, 142-модда, № 3, 217-модда, № 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, № 11, 1066-модда; 2022 йил, № 1, 1, 2-моддалар, № 2, 80, 81-моддалар, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, № 8, 787-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:

1) 2456-модданинг биринчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1752, 1757» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 61-моддасида (бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағларини олувчиларнинг, давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг мол-мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилишга оид қисмида), 1752, 1757, 1758» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 2641-модданинг биринчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1752 ва 1758-моддаларида» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 61-моддасида (бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағларини олувчиларнинг, давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг мол-мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилишга оид қисмида), 1752 ва 1758-моддаларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 1 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги ЎРҚ-546-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 7, 384-модда, № 9, 588-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; № 8, 803, 804-моддалар, № 12, 1198-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:

1) 3-модданинг иккинчи қисми «Ҳисоб палатаси» деган сўзлардан кейин «юридик шахс бўлиб, у» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

2) 4-модданинг ўн иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ижроси устидан назоратни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш»;

3) 9-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Ҳисоб палатаси молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режалари тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Ҳисоб палатаси назорат тадбирлари натижалари бўйича аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг бартараф этилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради, бундан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар мустасно.

Ҳисоб палатаси ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида жамоатчилик олдида оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида ҳисобот бериб боради»;

4) 11-модданинг иккинчи қисмидаги «ҳамда ёрдамчи ходимларидан» деган сўзлар «ёрдамчи ва техник ходимларидан» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5) 12-модданинг:

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ҳисоб палатасининг шўъба мудирлари, бош инспекторлари, етакчи инспекторлари, инспекторлари, ёрдамчи ва техник ходимлари Ҳисоб палатасининг раиси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади»;

тўртинчи қисми чиқариб ташлансин;

6) 13-модда қуйидаги мазмундаги ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Ҳисоб палатасига ходимларни ишга қабул қилишни амалга оширади ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилади;

буйруқлар чиқаради ва Ҳисоб палатасининг таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Ҳисоб палатасининг штат жадвалини тасдиқлайди»;

7) 14-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ҳисоб палатасининг раиси йўқлигида унинг ваколатларини раиснинг биринчи ўринбосари, биринчи ўринбосар ҳам йўқлигида эса Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосарларидан бири амалга оширади»;

8) 28-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«28-модда. Ҳисоб палатасининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижроси устидан назоратни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ижроси устидан назоратни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси устидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан доимий назоратни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади ва уларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларида белгиланган ижро муддатларини узайтириш тўғрисидаги таклифлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига хулосалар киритади»;

9) 30-модда:

ўн еттинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилмаганлиги, шу жумладан уларнинг ижро этилиши жараёни тўғрисидаги ахборот «ijro.gov.uz» ахборот тизими орқали тўлиқ, ҳаққоний тарзда ва ўз вақтида тақдим этилмаганлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ижро этилмаганлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида ижро этилмаганлиги, шу жумладан уларнинг ижро этилиши жараёни тўғрисидаги ахборот қонунчиликда белгиланган тартибда «ijro.gov.uz» ахборот тизими орқали тўлиқ, ҳаққоний тарзда ва ўз вақтида тақдим этилмаганлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

йигирманчи хатбошиси «интизомини» деган сўздан кейин «бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

қуйидаги мазмундаги йигирма учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишга ҳақли»;

10) 31-модда:

биринчи қисмидаги «назоратни» деган сўз «назорат тадбирларини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи — еттинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Тафтиш назорат тадбири билан қамраб олинган даврда назорат объекти томонидан амалга оширилган барча молия-хўжалик операцияларининг қонунийлиги ва асослилигини, уларнинг бухгалтерия ҳисоботларида ҳамда молиявий ҳисоботларда ҳаққоний тарзда ва тўғри акс эттирилишини ҳужжатлар асосида аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Текшириш назорат объектининг муайян даврдаги айрим ҳаракатларини (операцияларини) ёки фаолиятининг муайян йўналишини назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

Текшириш камерал ва сайёр турларга бўлинади.

Камерал текшириш, қоида тариқасида, Ҳисоб палатаси жойлашган ерда, Ҳисоб палатасида мавжуд бўлган ёки Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этилган маълумотларга ва ҳужжатларга асосан ўтказилади.

Сайёр текшириш назорат объекти жойлашган ерда ўтказилади.

Ўрганиш назорат объектининг муайян соҳасини ҳамда фаолиятини статистик, молиявий ва бошқа маълумотлар асосида таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш мақсадида амалга оширилади»;

иккинчи қисми саккизинчи қисм деб ҳисоблансин;

11) 33-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ижро этилмаганлиги учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари сифатли тарзда ҳамда ўз вақтида ижро этилмаганлиги, шу жумладан уларнинг ижроси тўғрисидаги ахборот қонунчиликда белгиланган тартибда «ijro.gov.uz» ахборот тизими орқали тўлиқ, ҳаққоний тарзда ва ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимининг жорий этилишига ва самарали фаолият кўрсатишига доир чоралар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги кейинги назорат жараёнида аниқланган тақдирда, Ҳисоб палатаси вазирликларга, давлат қўмиталарига, идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга уларнинг ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳақли»;

12) 38-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Назорат тадбирлари фақат назорат ишларининг йиллик дастурига киритилган назорат объектларида амалга оширилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг сўровларига асосан ўтказиладиган назорат тадбирлари, камерал назорат ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно»;

13) 45-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ҳисоб палатаси фаолиятининг молиявий ва моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳисоб палатасида бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилади, ундан фойдаланиш тартиби қонунчиликда белгиланади».

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,

2023 йил 17 июль,

ЎРҚ-856-сон

 

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.07.2023 й., 03/23/856/0489-сон)

9 Октябр 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея