Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва Давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини кучайтириш ва масофавий молиявий назоратни кенгайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:

1. Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари биринчи навбатда қуйидаги йўналишларда бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасига алоҳида эътибор қаратсин:

бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг тўғри ҳисобланиши;

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган объектларда амалга оширилаётган қурилиш ишларини мониторинг қилиш ва уларда назорат тадбирларини ўтказиш;

бюджет тизими бюджетларидан тўланаётган субсидияларнинг манзиллилигини ва самарадорлигини баҳолаш;

давлат харидларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

давлат қарзи ва грантлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ўрганиш.

Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари 2022 йилдан бошлаб назорат ишларининг йиллик дастурларини мазкур бандда назарда тутилган устувор йўналишларга мувофиқлаштирсин. Бунда, қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:

бюджет ташкилотларида бюджет маблағлари бошқарилиши ва бюджет ҳисоби юритилишини махсус автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлар воситасида доимий мониторинг қилиш;

масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш, замонавий ахборот технологиялари ва маълумотлар базаси воситасида текшириш объектлари ва мақсадларини аниқлаш йўли билан кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда бюджет ташкилотларини текшириш самарадорлигини ошириш.

2. Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ҳамда Бош прокуратуранинг Молия вазирлиги таркибидаги Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари негизида Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекциясини (кейинги ўринларда — Инспекция) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Электрон назоратчи-тафтишчи» дастурий мажмуасининг (кейинги ўринларда — дастурий мажмуа) қуйидаги босқичларда яратилишини таъминласин:

биринчи босқичда — 2022 йил 1 сентябрга қадар вазирлик ва идоралар билан реал вақт режимида ахборот алмашинуви орқали бюджет қонунчилигини бузиш хавфини таҳлил қилиш мақсадида Молия вазирлигининг молиявий назорат маълумотлари базасини ишга тушириш;

иккинчи босқичда — 2023 йил 1 январга қадар давлат молиявий назорати объектининг муайян давр учун айрим масалалар бўйича фаолиятини назорат қилиш (мавзули назорат) модулини яратиш.

Бунда, дастурий мажмуани ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Инспекция таркибида:

бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган қурилиш объектларида назорат ўлчови ҳамда амалга оширилган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш учун 40 та штат бирлигидан иборат Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси;

давлат молиявий назорати тизимида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга масъул бўлган, 10 та штат бирлигидан иборат Комплаенс назорати бошқармаси ташкил этилсин.

5. Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби (Э.Т. Юлдашев) бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш ишларининг назорати бўйича Инспекция билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйсин.

6. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ қонунчиликда белгиланган асосларга кўра, бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган қурилиш объектларида назорат ўлчови:

қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда — қурилишда назорат ўлчовини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ташкилотларни жалб қилган ҳолда;

қурилиш қиймати 10 млрд сўмдан юқори бўлган объектларда — Инспекциянинг қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Белгилансинки, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар талабига асосан бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган қурилиш объектларида назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинган, қурилишда назорат ўлчовини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан ҳақ тўланади.

7. Қурилиш вазирлиги 2022 йил 1 майга қадар «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида давлат харидлари махсус ахборот портали, электрон кооперация биржаси портали, солиқ органлари ва тегишли бошқа ташқи манбалар билан маълумотлар алмашуви йўлга қўйилишини, шунингдек, қурилиш объектида ҳақиқатда сарфланган қурилиш материаллари (жиҳозлар) миқдори ва ишчилар ҳисобининг юритилишини таъминласин.

8. Белгилансинки:

а) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Инспекцияга «Давлат аудити» дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади;

б) 2022 йил 1 июндан бошлаб:

бюджет буюртмачиларининг электрон кооперация биржаси порталида тузган шартномалари тўғрисидаги ахборот келиб тушгандан сўнг, у бир иш кунида автоматик тарзда Молия вазирлиги Ғазначилигида рўйхатдан ўтказилади;

маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун 10 кун муддатга «E-qaror» электрон тизимига жойлаштирилади, бундан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириладиган маблағлар мустасно;

мазкур кичик банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман ва шаҳарлар Кенгашларига жамоатчилик муҳокамаси натижалари билан биргаликда киритилади.

9. 2022 йилда Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий назорат фаолиятини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» (кейинги ўринларда — «Йўл харита») 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

«Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини назорат қилиш Молия вазирлиги (Т. Ишметов) ва Ҳисоб палатаси (Б. Турабов) зиммасига юклатилсин.

10. «Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига қуйидаги рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари кўрилиши белгилаб қўйилсин:

вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаган раҳбарларни ярим йиллик якунларга кўра ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача бўлган миқдорда мукофотлаш;

вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминламаган раҳбарларга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима санкцияларини қўллаш.

«Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига рағбатлантириш ҳамда жавобгарлик чораларини қўллаш Ҳисоб палатаси (Б. Турабов) ва Молия вазирлигининг (Т. Ишметов) таклифларига кўра амалга оширилади.

11. Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳар бир ҳудуд учун алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни ҳудудларда татбиқ этиш бўйича масъуллар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

12. Молия вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари бошқарув ходимларини аттестациядан ўтказишни ташкил қилсин ҳамда Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларини замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар ва мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин.

13. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари (кейинги ўринларда — ички аудит хизмати) ходимлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар ички аудитнинг миллий стандартлари ва ички аудит тадбирларини ўтказиш қўлланмаси асосида амалга оширилади;

ички аудит хизмати ўзи аниқлаган ва ваколати доирасида ҳал этиш имкони бўлмаган қоидабузарликлар ҳолатлари юзасидан бир иш куни ичида Инспекцияни хабардор қилади. Бунда Инспекция томонидан ушбу хабарнома асосида белгиланган тартибда текшириш ўтказилади;

2022 йил 1 ноябрга қадар Инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади;

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходимларига малака сертификати бериш тизими жорий этилади;

Олдинги таҳрирга қаранг.

2024 йил 1 январдан бошлаб ички аудит бўйича миллий малака сертификатига эга бўлмаган шахсларни Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходими лавозимига ишга қабул қилишга ҳамда уларнинг ушбу тизимларда фаолият юритишига йўл қўйилмайди, бундан халқаро сертификатга эга бўлган шахслар мустасно.

(13-бандининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.01.2023 й., 07/23/471/0001-сон — 2023 йил 1 январдан кучга киради)

14. 2022 йил 1 мартдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги (4 та), Мактабгача таълим вазирлиги (4 та) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (4 та) тизимидаги ташкилотларнинг штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Молия вазирлиги марказий аппаратида 12 та штат бирлигидан иборат Ички аудит хизматлари билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинсин.

Қуйидагилар Ички аудит хизматлари билан ишлаш бошқармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ички аудит миллий стандартлари ва бошқа услубий ҳужжатларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

Инспекция ва ички аудит хизматлари ходимларининг малакасини доимий ошириб бориш ишларини ва уларни сертификатлашни ташкил этиш;

масофавий аудит тадбирлари кўлами ва сифатини ошириш, шунингдек, ички аудит хизматларига хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишда услубий кўмаклашиш;

ички аудит хизматлари фаолиятини ўрганиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш асосида ҳисоботлар тайёрлаш ва эълон қилиб бориш.

15. Молия вазирлигининг акциз солиғини тўғри ва ўз вақтида ҳисоблашни назорат қилиш функцияси Давлат солиқ қўмитасига ўтказилсин, шунингдек, пахта хом ашёси ҳисоби ва ҳисоботини давлат томонидан назорат қилиш амалиёти бекор қилинсин.

16. Белгилансинки:

Инспекция томонидан бюджет маблағлари олувчиларнинг консолидациялашган бюджет, шу жумладан давлат қарзи маблағларидан тўғри фойдаланиши устидан давлат молиявий назорати тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни белгиланган тартибда хабардор қилган ҳолда амалга оширилади. Бунда Инспекция томонидан тадбиркорлик субъектларининг мазкур хатбошида назарда тутилган маблағларга тегишли бўлмаган молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга йўл қўйилмайди;

Инспекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Инспекция бошлиғи моддий, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича молия вазири ўринбосарига тенглаштирилади;

Инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосарлари молия вазирининг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

17. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.

19. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,

2022 йил 14 февраль,

ПҚ-128-сон

 

 

9 Октябр 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея