Ҳисоб палатасига 2025-2027 йиллар давомида МДҲ олий аудит органлари раҳбарлари Кенгаши раисининг вазифаси топширилди

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарлари Кенгашининг ХХ сессияси бўлиб ўтди. Унда Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон олий аудит органлари раҳбарлари видеоконференция шаклида иштирок этди.

Маълумот учун: Кенгаш МДҲ давлатларининг давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштириш соҳасида иш тажрибаси алмашиш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида 2000 йилда ташкил этилган. Кенгаш доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – қўшма икки томонлама назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, аудиторлар билим ва малакасини ошириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда олий аудит органларининг МДҲ маконида соҳага доир қонун ҳужжатларини унификациялашдан иборат.

Бу йилги сессияда “Давлат аудитининг мустақиллигини таъминлаш” мавзусида иштирокчи мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарларининг маърузалари тингланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов ўз маърузасида Ҳисоб палатаси фаолиятининг асосий принциплари (қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик ва шаффофлик) ҳамда ваколатлари тўғрисида тўхталиб, унинг мустақиллиги ИНТОСАИнинг (давлат молиявий назорати олий органларининг ҳалқаро ташкилоти) Лима (1977 й.) ва Мексика (2007 й.) декларацияларида қайд этилган тамойилларга тўлиқ мувофиқлигини билдирди.

Тадбирда МДҲ Бош котиби ўринбосари Д.Трефилов давлат молиявий назорати органларининг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан чиқиш қилди. 

Шунингдек, сессияда давлат молиявий назорати олий органларининг стандартларини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳи ҳамда Кенгаш котибияти фаолияти, Кенгашнинг иш режасини тасдиқлашга доир масалалар кўриб чиқилди.

Кенгаш томонидан 2025 йил сентябрдан бошлаб унга раислик қилиш ваколати Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига берилиши таклиф қилинди ва бир овоздан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига 2025-2027 йиллар давомида Кенгашга раислик қилиш вазифаси топширилди. Шу муносабат билан Кенгашнинг XXI сессиясини 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.

Ушбу нуфузли тузилмага раислик қилиш вазифасининг Ўзбекистон Ҳисоб палатасига юклатилиши бу, авваламбор, мамлакатимизнинг давлат молиявий назорати соҳасидаги ислоҳотлари туфайли халқаро ҳамжамият билан конструктив мулоқотининг маҳсулидир.

МДҲга аъзо давлатлар олий аудит органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш мамлакатимизда ташкил қилинган давлат аудити тизими учун қатор имкониятлар беради, жумладан, унинг салоҳияти ва самарадорлигини ошириш, илғор хорижий тажриба алмашиш, аудитнинг халқаро профессионал стандартларини татбиқ этиш ва халқаро ҳамжамият доирасида ўз овозига эга бўлиш. 

Сессия иши якуни бўйича давлат молиявий назорати олий органларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ИНТОСАИ ташкилоти билан ҳамкорлигини давом эттириш, давлат аудити соҳаси вакилларининг билим ва кўникмаларини, касбий маҳоратини ва салоҳиятини ошириш борасида Кенгаш аъзоларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда бошқа масалалар юзасидан тегишли резолюция қабул қилинди.   

27 Сентябр 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея