Ҳисоб палатаси Ҳайъатининг навбатдаги мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги ПФ–6300-сонли Фармони билан Ҳисоб палатаси Ҳайъати зиммасига давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятини муҳокама қилиш, мувофиқлаштириш ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш чораларини белгилаш каби муҳим вазифалар юклатилган.

Ҳисоб палатаси Ҳайъатининг молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг 2023 йилнинг 1-ярим йиллигидаги фаолияти натижаларига бағишланган навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда Ҳайъат аъзолари ҳамда 30 га яқин давлат идоралари ички аудит хизматлари учун масъул бўлган раҳбар ходимлар иштирок этдилар.

Тадбирни бошқарган Ҳайъат раиси, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов ўз маърузасида Ҳайъатнинг олдинги йиғилишларида берилган топшириқларнинг ижросига ва давлат молиявий назорати органларининг 2023 йилнинг 1-ярим йиллигидаги натижаларига тўхталди. 

Йиғилишда, авваламбор, 2022 йилдан жорий этилган “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали давлат молиявий назорати органлари томонидан такрорий ва асоссиз текширишларнинг олди олинаётганлиги, молиявий назорат тадбирларининг сифати ва самарадорлиги устидан вертикал назорат тизими яратилганлиги ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик чоралари кўрилаётганлиги қайд этилди.

Маълумот ўрнида: Назорат тадбирлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 745 тага ёки 48 фоизга камайган. Бу эса давлат молиявий назоратида риск-таҳлил ва масофавий назорат ишларининг кўлами кенгайганлигининг далолати.  

Тадбирда Ҳайъат кун тартибига киритилган масалалар бўйича қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўзларига ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш устидан назорат ва профилактикаси бўйича амалга ошираётган ишлари тўғрисида ҳисобот бердилар.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов тизимда ички аудит ва молиявий комплаенс назорат тизимини самарали ташкил этиш ва тизим самарадорлигини ошириш бўйича ҳисобот берди.

Йиғилишда қатор танқидий масалалар ҳам муҳокама қилинди. Масалан, “Давлат аудити” дастурида рўйхатга олинмаган назорат тадбирлари ноқонуний эканлиги белгилаб қўйилган. 

Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Фанлар академиясида 3 тадан жами 11 та назорат тадбирлари Дастурда рўйхатдан ўтказилмаган.   

Бош прокурор ўринбосари С.Самадов текширишлар давомида аниқланган камчиликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича тегишли тавсиялар берди.  

Йиғилишда, шунингдек, назорат тадбирларининг сифати ва самарадорлиги бўйича, йил якунига қадар амалга ошириладиган ишлар ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига қаратилган истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. 

Қонун талабларига риоя этган ҳолда бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида мутасадди ташкилотларга аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Йиғилишда вазирлик ва идоралар раҳбарларига 1 ой муддатда вазирлик ва идораларнинг Ички аудит тузилмаларини ва Коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмаларини алоҳида ташкил этишлари масаласида тегишли топшириқлар берилди.

Йиғилиш чуқур таҳлилий ва танқидий руҳда ташкил этилди. 

Тадбир якунида назорат органлари ходимларининг масъулиятини ошириш, молиявий ҳуқуқбузарликлар профилактикасини назарда тутадиган истиқболли йўналишлар белгилаб олиниб, тегишли Ҳайъат қарори қабул қилинди.

 

9 Сентябр 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея