AЗОСAИ эътибор марказида экологик аудит масалалари

Жорий йилнинг 23-25 август кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Осиё Олий аудит органлари ташкилотининг (AЗОСAИ) Экологик аудит бўйича ишчи гуруҳининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг масъул ходими З.Иватов иштирок этди.

Маълумот учун: Осиё Олий аудит органлари ташкилоти (AЗОСAИ) халқаро Олий аудит органлари ташкилотининг (ИНТОСАИ) минтақавий гуруҳларидан биридир. Ушбу тузилма 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, унга ҳозирда 46 та давлат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон Ҳисоб палатаси AЗОСAИ таркибига 2022 йил 31 май куни қўшилган. 

Тадбирда Осиё ва Европанинг 17 та мамлакати (Ишчи гуруҳ аъзолари), БМТ Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирок этдилар.

Иштирокчилар томонидан экологик муаммоларнинг кўлами ортган сайин олий аудит органларининг вазифа ва ваколатлари кенгайиб бораётгани ҳамда улар томонидан ўтказилаётган экологик аудит долзарб ва муҳим вазифалардан бирига айланаётганлиги таъкидланди.

♦ Маълумот учунЭкологик аудит 5200-сонли халқаро аудит стандарти ишлаб чиқилгандан сўнг ривожланиб келмоқда. Экологик аудит соҳасида қатор халқаро меъёр ва ишчи ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ИНТОСАИ, ЕВРОСАИ, АЗОСАИ каби ташкилотлар таркибида махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилди. 

Семинар давомида 30 дан ортиқ юқори малакали мутахассислар ва АЗОСАИга аъзо давлатлар вакиллари экологик аудит соҳасидаги ўзларининг билим ва амалий тажрибалари юзасидан фикр алмашдилар.

Тадбир давомида, шунингдек, экология соҳасидаги “Green Vision” мукофоти топширилди. Индонезия олий аудит органи “Green Vision Awards 2023” мукофоти ғолиби деб эълон қилинди.

 

 

АЗОСАИ Экологик аудит бўйича ишчи гуруҳининг раиси, Хитой олий аудит органи – бош аудитор ўринбосари Ли Фен Вьетнам олий аудит органи томонидан амалга оширилган “Меконг дарёси ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш” қўшма аудиторлик лойиҳаси ва Таиланд олий аудит органи томонидан амалга оширилган “Иқлимни молиялаштириш аудити” тадқиқот лойиҳасини татбиқ этиш жараёни ҳақида тақдимот қилди.

Тадбирда Финляндия олий аудит органи томонидан тайёрланган 2023-2025 йиллардаги ИНТОСАИ Экологик аудит бўйича ишчи гуруҳининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, ИНТОСАИни ривожлантириш ташаббуси томонидан тайёрланган “Иқлимга мослашиш лойиҳаси” ҳамда Бразилия олий аудит органи томонидан тайёрланган “Иқлим сканери лойиҳаси” тақдим этилди.

Тадбир якунида АЗОСАИ Экологик аудит бўйича ишчи гуруҳининг 2023-2024 йилларга мўлжалланган иш режаси тасдиқланиб, 2025 йилда ўтказиладиган навбатдаги 10-йиғилиш юзасидан келишиб олинди.

 

26 Август 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея