Ҳисоб палатаси «Ernst & Young» билан узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси дунёнинг энг нуфузли “Катта Тўртлик”даги (“Big Four”) аудит компанияларидан бири бўлган «Ernst & Young» (EY) билан истиқболли ҳамкорликка қадам қўйди.

Ҳисоб палатасида «Ernst & Young» компаниясининг Марказий Осиёдаги аудит хизмати раҳбари Пол Кон билан учрашув бўлиб ўтди.

Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари М.Абдуллаев ушбу муассасадаги давлат молиявий назорати соҳасидаги тизимли ислоҳотлар, жумладан, миллий аудит амалиётини халқаро аудит стандартлари билан уйғунлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.  

Учрашувда давлат аудити сифатини ошириш, давлат аудити методологиясини такомиллаштириш ва назорат тадбирлари давомида рискларни баҳолаш борасида тажриба алмашиш масалалари таъкидланди. 

Томонлар давлат аудити тадбирларига ташқи экспертларни жалб қилиш, давлат аудити жараёнларини рақамлаштириш ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш борасида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Давлат сектори ва хўжалик юритувчи субъектлардаги молиявий ҳисоботларнинг стандартларини (IFRS/IPSAS) Ўзбекистонда жорий этиш ҳолати ҳамда Ҳисоб палатаси аудиторларини ушбу йўналишларда ўқитиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга алоҳида урғу берилди. 

Шу ўринда, халқаро стандартларни жорий этиш учун Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа молиявий тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш муҳокама қилинди.

Ҳисоб палатаси ва «Ernst & Young» компанияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолаш вазифаси ҳам кун тартибидан ўрин олди.

 

Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ишлашга тайёр эканликларини таъкидладилар.

 

22 Август 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея