Давлат органларида коррупцион рискларни камайтиришга бағишланган семинар

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва 30 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, халқаро экспертлар иштирокида коррупцияга қарши курашиш, молиявий бошқарувни рақамлаштириш ҳамда коррупцион рискларни камайтириш соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган идоралараро семинар ўтказилди.

Учрашув давомида давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Жумладан, Ҳисоб палатаси томонидан коррупцияга қарши интизомни мустаҳкамлаш, меъёрий-хуқуқий базани такомиллаштириш, коррупцион хатарларни камайтириш, турли талон-тарожликлар ва улар билан боғлиқ салбий оқибатларни олдини олиш бўйича салмоқли назорат-профилактик ишлар амалга оширилганлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда Ҳисоб палатаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, “Ўзбекнефтегаз” АЖ масъул вакиллари ҳамда халқаро экспертлар томонидан ўз йўналишларида IT-дастурлар орқали коррупцияни олдини олиш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Ҳусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими томонидан давлат ташкилотлари, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш юзасидан илғор тажрибалар муҳокама қилинди. 

Рақамли технологиялар вазирлиги масъуллари томонидан “Рақамли ҳукумат” доирасида давлат органларини рақамли трансформация қилишнинг асосий йўналишлари бўйича маълумот бериб ўтилди.

Семинар давомида, шунингдек, хорижий аудиторлар томонидан комплаенс тизимини рақамлаштиришда илғор халқаро амалиётлар бўйича мастер-класс ўтказилди.

 

Тадбир сўнгида йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар олиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Ташкилотлар вакиллари ва ҳалқаро экспертлар томонидан шу каби идоралараро тадбирларни мунтазам равишда ўтказилиши юзасидан таклифлар берилди.

 

24 Август 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея