Масофавий назорат: Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида бюджет маблағларнинг талон-тарожи
Ҳисоб палатаси томонидан масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлил натижаларига асосан Сурхондарё вилояти Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида қисқа муддатли назорат тадбири ўтказилди.
Бунда, масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлилларда туман мактабгача таълим ташкилотларининг айримларида қарийб 3 млрд сўмга яқин бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланганлиги бўйича шубҳали тўловлар аниқланди.
Шу асосда, ишчи ходимларга 2020-2023 йилларда ҳисобланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисобланиши ва тўланиши жойига чиққан ҳолда текширилди.
Ўтказилган текшириш натижалари бўйича жами 11,3 млрд сўмлик бюджет маблағларини мактабгача таълим бўлими марказлашган бухгалтериясининг айрим масъул ходимлари томонидан ноқонуний тарзда ўзлаштирилганлиги аниқланди. Жумладан:
- Мактабгача таълим ташкилотларида 2022-2023 йилларда ишламаган 141 нафар фуқаролар номига 4,8 млрд сўм иш ҳақи ҳисобланиб, ноқонуний ўзлаштирилган.
Масалан, мактабгача таълим ташкилотлари масъул ходимлари томонидан ҳақиқатда ишламайдиган яқин қариндошининг номига 136,4 млн сўм ҳамда мактабгача таълим бўлимида услубчи, ҳисобчи ва сантехник лавозимларида ишлаб келаётган 9 нафар шахслар номига 279,4 млн сўм иш ҳақини қўшиб ёзиб, сохта тўлов қайдномаларини тузиш орқали ноқонуний ўзлаштирган.
- 2020-2021 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимлар учун ҳисобланган иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча нақд пуллар олиниб, сохта тўлов қайдномалари орқали 1,6 млрд сўм ҳамда ҳеч қандай тўлов қайдномаларисиз 3,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотининг харажатлар сметасида ходимларнинг иш ҳақи тўловлари учун режалаштирилган 529,1 млн сўм маблағлар ходимларнинг розилигисиз уларнинг иш ҳақлари ҳисобидан ушланмаган ҳолда газета ва журналлар обунаси учун ўтказиб юборилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш ҳамда молиявий хато ва камчиликларнинг келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими ва Иқтисодиёт ва молия вазирликларига кўрсатма юборилди.
Шунингдек ўрганиш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.
Қайд этиш жоизки, ҳисобланган иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча нақд пулларнинг олиш ҳолатлари Ҳисоб палатасининг кўрсатмасига асосан 2022 йилда “УзАСБО” дастурий мажмуасига ўзгартириш киритиш орқали бартараф этилган.
Бироқ, айрим масъул шахслар томонидан бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ва ўзлаштириш ҳолатлари янги шакл-шамойилларда амалга оширилмоқда.
Ҳисоб палатаси бундан кейин ҳам бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан масофавий ва жойига чиққан ҳолда назорат ишларини давом эттиради.
26 Июл 2023
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |