ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси кузатувчилари билан учрашув юзасидан
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) бир гуруҳ кузатувчилари Ҳисоб палатаси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Ҳуқуқий масалалар бўйича таҳлилчи Aнна Меликян бошчилигидаги делегация билан учрашувда 2023 йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида сиёсий партияларни молиялаштириш масалалари кун тартибидан ўрин олди.
Учрашувда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов бошчилигида палатанинг масъул ходимлари иштирок этди. Кузатувчиларга Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни молиялаштириш жараёнида Ҳисоб палатасининг роли ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мамлакатимизда сайловларни ва сиёсий партияларни молиялаштиришнинг қонуний асослари яратилгани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ сиёсий партияларнинг молиявий ва бошқа маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ҳисоб палатаси амалга оширади.
Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси томонидан бюджетдан сарфланаётган маблағларни мақсадли сарфланишини масофавий назорат қилиш давлат идораларининг тегишли дастурий-ахборот тизимларига уланган ҳолда амалга оширилиши айтиб ўтилди.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини назорат қилиш жараёнида Ҳисоб палатасининг ўрни юзасидан бир қатор саволлар берди. Хусусан, харажатларнинг қонунийлиги, партияларнинг ҳисоботлари, хато-камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар, назорат тадбирларининг натижаларини жамоатчиликка етказиш каби масалалар йиғилиш давомида қизғин муҳокама этилди.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчиларининг мамлакатимиздаги миссияси давом этмоқда.
5 Июл 2023
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |