Ҳисоб палатаси сиёсий партияларнинг молиявий маблағлардан фойдаланишини текширди

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунларига асосан, сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ партиялар уставида назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш иккита манба ҳисобига амалга оширилади.

Биринчи манба – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар.

Иккинчиси – бюджетдан ташқари маблағлар, яъни партияга кириш ва аъзолик бадаллари, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан бериладиган хайрия ёрдамлари ҳисобланади.

Сиёсий партиялар учун уставда назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори, Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Ушбу маблағлар сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қайд этилган қонунчилик талабларига мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан 2023 йилнинг март ойида Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда партиялар томонидан улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши текширилди.

Ушбу текширишларда қонунчилик талабларига мувофиқ даромадларнинг шаклланганлиги, маблағларнинг сарфланганлиги ҳамда уларнинг молиявий ҳисоботларда тўғри акс эттирилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2022 йилда сиёсий партиялар жами 123,6 млрд сўм миқдорида даромадга эга бўлиб, уларнинг 91,9 млрд сўми (74,3 фоизи) давлат бюджети маблағлари ҳисобига шаклланган.

Шу билан бирга, текшириш натижасида партияларнинг молиявий ҳисоботларида даромадлар ва харажатларни тўғри акс эттирилиши бўйича 28,1 млрд сўмлик тафовутлар аниқланди.

Бундан ташқари, харидлар бўйича эълонлар партияларнинг танлов савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига амал қилинмаганлиги, ҳудудий кенгашлар томонидан харажатлар турларини ҳисоботларда нотўғри акс эттирилиши каби ҳолатлар аниқланди.

Партияларнинг молиявий ҳисоботларидаги камчиликлар жойида бартараф этилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиш учун хулосалар берилди.

Камчиликларни келгусида қайтармаслик учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

Юқоридаги масалалар юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан партияларга тегишли таклифлар юборилди.

 

5 Июл 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея