Ҳисоб палатаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш

Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари ҳамда Ҳисоб палатаси ўртасида видеоалоқа орқали учрашув бўлиб ўтди. 

Ундан кўзланган мақсад – ОТБнинг “Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури” доирасида томонлар ўртасида ҳозирги кунга қадар амалга оширилган ҳамкорликни сарҳисоб қилиб, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш. 
 
Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари М.Абдуллаев аудитнинг халқаро тан олинган стандартлари (ISSAI) асосида палата томонидан янги жорий қилинган миллий аудит стандартлари (молиявий аудит, самарадорлик аудити, мувофиқлик аудити) ҳақида маълумот берди.
 
Учрашувда такрорий назорат тадбирларини олдини олиш учун жорий қилинган “Давлат аудити” ҳамда идоралараро онлайн назоратни амалга оширувчи “ijro.gov.uz” дастурий комплекслари ҳақида сўз борди. 
 
Шунингдек, Ҳисоб палатаси ходимлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш учун мўлжалланган KPI рейтинг тизимининг фаолияти муҳокама қилинди.
 
ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг давлат бошқаруви соҳасидаги бош иқтисодчиси Чидем Акин “Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури” доирасида амалга ошириладиган техник ёрдам масалаларига тўхталди.
 
Жумладан, Ҳисоб палатаси ходимларининг малакасини ошириш, уларнинг ихтисослашган ўқув курсларида иштирок этиши, хорижий стажировкаларни ташкиллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
 
Ахборот коммуникация технологиялари ва ташқи аудитнинг халқаро андозаларини жорий этиш борасида тажрибага эга бўлган хорижий экспертларни жалб қилиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
 
Томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ишлашга тайёрликларини таъкидладилар.
 
 

23 Июн 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея