Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботи кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2022 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баходир Турабов 2022 йилда барча йўналишлар бўйича палатанинг амалга оширган фаолияти ва эришилган натижалар юзасидан ҳисобот берди.
Ҳисоботда 2022 йилда Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджети ижроси, белгиланган режа асосида тегишли вазирлик ва идораларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари натижалари тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг "Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва топшириқларида белгиланган вазифалар асосида амалга оширган.
Ҳисоб палатасида 2022 йилда ИНТОСАИга аъзо давлатларнинг тажрибаларидан келиб чиқиб, халқаро стандартлар асосида молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитларини ўтказиш тизими жорий этилган.
Шунингдек, давлат молиявий назорати органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида, 2022 йилдан бошлаб, республикадаги барча молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизматларининг назорат тадбирларини ҳисобини юритишга мўлжалланган “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилган.
Натижада 251 та такрорий ва асоссиз текширишларнинг олди олиниб, барча молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизматлари назорат тадбирларини 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 48 фоизга камайишига эришилган.
Ҳисоб палатаси ҳалқаро ҳамкорлик борасида ҳам ижобий натижаларга эришди. Хусусан, у 2022 йилда Осиё Олий аудит органларининг халқаро ташкилотига (ASOSAI) ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик мамлакатлари олий аудит органлари (ECOSAI) ташкилотининг Аудит бўйича қўмитасига аъзо бўлган.
Ҳисоб палатаси 2022 йилда 74 та назорат тадбирлари, ҳудудлар ва соҳалар бўйича 37 та тематик ва таҳлилий ўрганишлар, шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳолати хамда Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни амалга оширган.
Ҳисоб палатаси томонидан назорат тадбирлари риск-таҳлил асосида қонунбузилишлар эҳтимоли юқори бўлган объектларда режалаштирилиб, онлайн ва масофавий таҳлилларга юқори эътибор қаратилган.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг "Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва топшириқларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширган.
Давлат бюджети параметрларининг шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини ҳар томонлама таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини рўёбга чиқаришга эътибор қаратилган.
Назорат тадбирлари ва таҳлиллар натижасида ортиқча ҳаражатларнинг олди олинган, бюджет ҳаражатлари мақбуллаштирилиб, бошқа долзарб масалаларни молиялаштириш учун қайта йўналтирилган. Давлат бюджетига қўшимча даромад манбалари аниқланиб, ундирилиши таъминланган.
Мажлисда депутатлар Ҳисоб палатасининг замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни ҳамда илғор назорат усулларини қўллаши борасидаги ишлари тўғрисида ўз муносабатларини билдиришди.
Шунингдек, бюджет даромадларининг тўлиқлигини таъминлаш, мавжуд имконият ва захиралар эвазига қўшимча манбаларни ишга солиш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларини тўлиқ шакллантириш ва самарали ишлатиш борасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича Ҳисоб палатасининг ахбороти қизғин муҳокама килинди.
Мажлисда, шунингдек, сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари Ҳисоб палатасининг йиллик ҳисоботига ўз муносабатини билдирди.
Тадбирда Ўзбекистан Республикаси Ҳисоб палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
23 Май 2023
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |