Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабовнинг ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарларининг йиғилишидаги нутқи

Шу кунларда Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) га аъзо мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарларининг VI йиғилиши бўлиб ўтди.
 

Унда ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди.
 

Учрашувнинг мавзуси: “Янги технологияларнинг аудит жараёнига интеграциялашуви”.

 

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов аудит жараёнига янги технологияларни татбиқ этиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг тажрибасига доир нутқ сўзлади.

Қуйида ушбу нутқнинг тўлиқ матни тақдим қилинган.

 

"Ҳурматли жаноб Мурму, азиз ҳамкасблар,

Авваламбор, бугунги учрашувимизни ташкил этгани ва бизни иштирок этиш учун таклиф қилгани учун Ҳиндистон Олий назорат муассасига самимий миннатдорчилигимни билдираман.
 

Ҳиндистон томонидан таклиф қилинган кун тартиби ниҳоятда долзарб мавзуга бағишланган.
 

Бугун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти нуфузли халқаро ташкилотлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади. У умумий ва ихтисослашган соҳаларда муҳим қарорларни қабул қилиш платформасига айланди.
 

Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ даги раислиги доирасида Самарқанд саммити якунлари бўйича сунъий интеллект ва рақамли саводхонлик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган қатор ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. 
 

Бугунги учрашув ШҲТ доирасида янги йўналишлар бўйича фаол ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
 

Азиз ҳамкасблар,
Рухсатингиз билан Ўзбекистонда аудит жараёнига янги технологияларнининг интеграциялашувига оид тақдимотимни эътиборингизга ҳавола қиламан.

 

1. Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида 
Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини 2019 йилда қабул қилинган “Ҳисоб палатаси тўғрисидаги Қонун”га асосан олиб боради.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6300-сон Фармони билан Ҳисоб палатасининг фаолияти янги сифат босқичига кўтарилди.


Ҳисоб палатаси давлат молиявий назорати органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона орган сифатида белгиланди.
 

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармонида аудит жараёнларида ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Жумладан: 
– аудит тадбирларини автоматлаштирилган “Камерал назорат” дастурий таъминоти орқали аниқланган рисклар асосида ташкил этиш;
– давлат молиявий назорати органлари тадбирларини Ҳисоб палатасининг “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатга олиниши ва натижалари ушбу дастурда жамланиши белгиланди.


Кўплаб давлатларнинг олий аудит органларидан фарқли равишда, Ўзбекистон Ҳисоб палатасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларидаги топшириқларни бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси мавжуд.


Ушбу вазифамизни бажаришда идоралараро онлайн назоратни амалга оширувчи “ijro.gov.uz” дастурий комплекси яратилган.


Қуйида Сизларга ушбу ахборот тизимларининг фаолияти ва улардаги ахборот хавфсизлиги тўғрисида тўхталиб ўтаман.


2. Автоматлаштирилган “Камерал назорат” дастурий таъминоти.
Ушбу дастур учта функционал қисмдан иборат:
- биринчи босқичда давлат идораларининг маълумотлар базалари билан интеграциялашув асосида олинган маълумотлар шакллантирилади;
- иккинчи босқичда шакллантирилган маълумотлар ўзаро солиштирилиб, таҳлил қилинади;
- учинчи босқичда ҳуқуқбузарликлар таснифланади ва уларнинг риск даражаларига қараб, тегишли чора-тадбирлар белгиланади, яъни аудит тадбири белгиланади ёки рискларни якуний баҳолаш учун ички аудит хизматларига тақдим этилади;


а) дастур 33 та давлат идораларидан 78 турдаги маълумотларни электрон сўров йўллаш орқали автоматик қабул қилади; 
Мисол учун, ушбу дастурда Божхона органларининг республика ҳудудига импорт қилинаётган хом ашё ва тайёр маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотлари ҳамда корхона ва ташкилотлар томонидан солиқ органларига импорт қилинган хом ашё ва тайёр маҳсулотлар бўйича тақдим этган ҳисоботлари солиштирилади ва бу орқали импорт товарларнинг ноқонуний айланмаси чекланади.


б) олинган ахборотлар асосида бир мазмундаги ахборотлар ўзаро солиштирилади ёки бир-бирини тўлдирувчи маълумотларни мантиқан боғлиқлиги автоматик таҳлил қилинади.

Мисол учун, ташкилотларнинг раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлари таҳлил қилинган ҳолда бюджет харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилишини олдини олиш имконияти яратилади.


в) дастур маълумотлар алмашинувини идоралараро ҳимояланган ички (VPN) каналлари орқали, шифрлаш принципи (RSA) асосидаги калитлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;


г) дастур инсон омилисиз маълумотларни солиштириш, тафовутларни аниқлаш ва уларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлиб, аудит тадбирлари учун талаб қилинадиган вақт сарфини тежайди. 
Масалан, 20 мингдан ортиқ бюджет ташкилотларида ишловчи 3 млн нафардан ортиқ ходимларга иш ҳақи тўловларини тўғри ҳисобланиши устидан онлайн назорат ўрнатилган бўлиб, бундай катта ҳажмдаги назоратни қоғозли шаклда қисқа муддатда амалга ошириш имконияти мавжуд эмас.


д) дастур орқали амалга оширилган таҳлиллар натижаси бўйича мутахассисларнинг хулосаси асосида назорат объектига борган ҳолда ёки масофавий шаклда аудитни ўтказиш ташкил этилади.
Мисол учун, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланишини ўрганиш мақсадида 2022 йил давомида жами 62 та бюджет ташкилотларининг фаолияти ўрганилиб, шундан 15 та ҳолатда аниқланган хатарлар таҳлил қилинган. Жумладан, субсидияларнинг тўғри сарфланиши юзасидан дастур томонидан аниқланган рисклар юзасидан 2 та назорат тадбири ўтказилган.


3. “Давлат аудити” дастурий комплекси.
2022 йилнинг 1 январидан бошлаб “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилди. Унда:
а) давлат ташкилотлари ҳамда уларда Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, вазирликларнинг ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган текширишларнинг ҳисоби ягона маълумотлар базасида юритилади. 
Бунда, айрим ташкилотлар узоқ вақт мобайнида назоратдан четда қолишининг олди олинади;
Давлат ташкилотларининг электрон ҳисоби яратилди, 28,4 мингта бюджет ташкилоти рўйхатга олинди.
2022 йил бошидаги таҳлилларга кўра, республикадаги 10 321 та (36 фоиз) бюджет ташкилот охирги 10 йилда умуман якуний молиявий назоратдан ўтмаган бўлса, аксинча 899 таси қисқа даврда икки ва ундан ортиқ марта текширилган.


б) Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, вазирликларни ички аудит хизматларининг йиллик иш режалари автоматик равишда мувофиқлаштирилиб, такрорий текширишларни олди олинади, вертикал назорат тизими яратилиб, бюджет интизомига риоя этилиши таъминланади;
2022 йилда молиявий назорат органларининг ўзаро такрорланувчи 251 та текширишларининг олди олинди, самарадорликни таъминланиши натижасида текширишлар сони 2021 йилга нисбатан 25 фоизга камайди;


в) назорат тадбирлари электрон буйруқлар асосида QR код билан тасдиқланади, текширувчиларнинг фаолияти автоматик баҳоланади;


г) назорат тадбирларида аниқланаётган қонунбузарликлар ягона маълумотлар базасида жамланади, ҳуқуқбузарликлар таснифланади ва тадқиқотлар ўтказиш орқали қонунбузарликни бартараф этиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилинади.


д) назорат органлари ва уларнинг ходимларининг фаолияти самарадорлигини (KPI) рейтинги автоматик баҳоланади, масъулият ва назорат тадбирларининг самарадорлиги ортади.
Мисол учун, биргина Ҳисоб палатасининг ходимларининг фаолияти ҳар чорак якунида 17 та йўналишдаги 234 та индикаторлар асосида KPI рейтинг тизимида баҳоланади.


Ушбу жараён ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш, уларнинг ўз устида ишлаши ва ташаббускорлигини оширишга, маънавий ва моддий рағбатлантиришга хизмат қилади. Жумладан, KPI кўрсаткичлари мунтазам тарзда юқори бўлган ходимлар янги лавозимларга кўтарилади ва, аксинча, кўрсаткичлари паст бўлганларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқилади. 


Бундан ташқари, умумий контингенти энг юқори кўрсаткичларга эришганларга ҳар ойлик маошига 30 фоиз устама белгиланса, энг паст кўрсаткичларга эришганларга устама белгиланмайди.


ж) “Давлат аудити” дастурий комплексининг ишга туширилиши ИНТОСАИнинг “Давлат аудити” халқаро журнали, Россия Ҳисоб палатасининг “Мониторинг” нашри ҳамда ЕВРОСАИнинг ахборот технологиялари бўйича Бюллетенида (Эстония) ижобий баҳоланди.


4. Идоралараро онлайн назоратни амалга оширувчи “ijro.gov.uz” дастурий комплекси.
Юқорида таъкидлаганимдай, Қонунга асосан Ҳисоб палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларидаги топшириқларни бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган.


Ушбу вазифа республикада олиб борилаётган ислоҳотларни сифатли амалга оширилиши ва топшириқларни ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш орқали юқори самараларга эришишда ўта муҳим назорат шакли ҳисобланади.
 

Дастур орқали топшириқларнинг ижроси учун масъул бўлган 358 та муассасалар ўзларига тегишли ахборотларни жойлаштиради ва улар қуйидаги 3 босқичли назоратдан ўтказилган ҳолда қабул қилинади:


биринчи босқичда – давлат органлари топшириқларни бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда «Ijro.gov.uz» тизимига маълумотларни киритади;
иккинчи босқичда – Адлия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси «Ijro.gov.uz» тизимига киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки ижрочига қайта ишлашга жўнатади;
учинчи босқичда – Ҳисоб палатаси «Ijro.gov.uz» тизимида масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан тасдиқланган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки ижрочига қайта ишлашга жўнатади.


Тизимга кириш кибер хавфсизлик талаблари асосида махфий калитлари орқали амалга оширилади. 
2022 йилда топшириқларнинг ижроси тўғрисида “ijro.gov.uz” дастурий комплексига 112,1 мингта ахборотлар киритилган.
Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилган таҳлиллар асосида ушбу ахборотларнинг 106,3 мингтаси (95 фоизи) қабул қилинган, қолган 5,8 мингтаси (5 фоизи) қайта ишлаш учун ижрочиларга қайтарилган.


Азиз ҳамкасблар, 
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар унинг Низомида қайд қилинган асосий мақсад ва тамойиллари, “Шанхай руҳи”га содиқлигини намойиш этмоқда.


Иймоним комилки, Ҳиндистондаги учрашувимиз янги билим ва тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланди. Кўриниб турибдики, ШҲТ га аъзо давлатларнинг олий назорат органлари аудит жараёнига энг янги технологияларни жорий этиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширди.


Ўзбекистон Ҳисоб палатаси бугунги тадбир иштирокчилари ўртасида тажриба алмашиш ва малака ошириш бўйича доимий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдордир.


Биз ШҲТ давлатларининг олий назорат органлари томонидан ўтказиладиган IТ-аудити стандартлари, шунингдек, аудит натижасида қабул қилинадиган замонавий қарорларни ўрганмоқчимиз.


Биз, шунингдек, катта маълумотларни таҳлил қилишда дастурий тизимлардан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш ва рискларни таҳлил қилишда улардан самарали фойдаланишдан манфаатдормиз.


Азиз ҳамкасблар,
Бу йилги учрашувимизни ташкил этиб, самимий меҳмондўстлик кўрсатгани учун Ҳиндистон Олий назорат органига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирамиз. Иштирокчиларнинг фаолиятига эса самара тилаб қоламиз.


Эътиборингиз учун ташаккур!"

11 Феврал 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея