ШҲТ олий аудит органлари раҳбарларининг VI йиғилиши

Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарларининг VI йиғилиши ўз ишини бошлади. 

 

Унда ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.


Ҳиндистон раислигида ташкил қилинган бу йилги кўп томонлама учрашувнинг мавзуси: “Янги технологияларнинг аудит жараёнига интеграциялашуви”. 

 

 

Йиғилиш аввалида иштирокчилар сўнгги бир йил давомида олий аудит органлари томонидан амалга оширилган тадбир ва ҳаракатлар юзасидан фикр алмашди. Учрашув доирасида экспертлар иштирокида “сунъий ақл” ва “киберхавфсизлик” мавзуларига доир муҳокамалар бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов аудит жараёнига янги технологияларни татбиқ этиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг тажрибасига доир нутқ сўзлади.

 

Нутқ аввалида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида, хусусан, палата олдига Давлатимиз раҳбари томонидан замон талаблари даражасида юклатилган вазифалар ҳақида маълумот тақдим қилинди.

 

Жумладан, республикамизда барча назорат органлари томонидан ўтказиладиган давлат аудити тадбирларини режалаштириш, ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва ҳисобини юритиш автоматлаштирилган “Давлат аудити” дастурий комплекси, шунингдек, текшириш объектларига бормасдан турли идораларнинг ахборот базаларидан маълумот олган ҳолда таҳлил ўтказиш “Камерал назорат” дастурий таъминоти орқали онлайн (масофавий) амалга оширилиши ҳақида сўз борди. Асосий аудит жараёнлари вертикал назорат шаклида олиб борилишига алоҳида урғу берилди.

 

 

Тақдимотда Ўзбекистонда идоралараро онлайн назоратни амалга оширувчи “ijro.gov.uz” дастурий комплексининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан биргаликда, маълумотлар алмашинуви идоралараро ҳимояланган ички каналлар орқали шифрлаш принципи (RSA) асосидаги калитлардан фойдаланиб, киберхавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши таъкидланди. 

 

Юқорида қайд қилинган технологиялар бошқа кўплаб мамлакатлар амалиётида мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, мазкур инновацион ёндашувлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

 

Ушбу тадбир якунлари бўйича томонлар ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит органларининг 2023-2024 йиллар давомидаги ҳамкорлиги доирасида Ҳаракатлар режасининг тасдиқланиши кўзда тутилган.

 

 

 

Пленар йиғилишидан сўнг делегацияларнинг икки томонлама учрашувлари давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раҳбариятининг қатор давлатлар олий аудит муассасалари раҳбарлари билан ўзаро учрашувлари режалаштирилган. 

 

Булар ҳақида батафсил маълумотлар кейинги нашрларимизда бериб борилади.

 

Маълумот ўрнида
ШҲТга аъзо мамлакатларнинг олий аудит органлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари 2010 йилдан буён ташкил қилинади. Ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсади – давлат сектори аудити соҳасида ахборот алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари эса давлат аудити бўйича билим ва тажриба алмашиш, қўшма семинар ва ўқув курсларини ташкил қилиш, давлат аудити соҳасида янги профессионал стандартларни илгари суришдан иборат.

 

 

 

 

7 Феврал 2023

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея