Ҳисоб палатаси Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Давлат молиявий назорати тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга эришилди.

Хусусан, Давлат Раҳбарининг 2021 йил 27 августдаги ПФ-6300-сон Фармони билан республика бўйича барча давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматларининг ягона сиёсатини юритиш йўлга қўйилди, бюджет жараёнининг барча босқичларида қонунчиликка риоя этилиши устидан вертикал назорат ўрнатилди, масофавий тарзда ва халқаро тан олинган стандартлар асосида назоратни амалга оширишнинг замонавий усуллари тизимга татбиқ этилди. 

 

Ушбу Фармон билан Ҳисоб палатасининг Ҳайъати ташкил этилиб, унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ҳисоб палатаси, вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат ташкилотларнинг вакиллари киритилди.

Ҳайъат зиммасига барча давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, амалга оширилган ишларини холис муҳокама қилиш, молиявий ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан истиқболли йўналишларни белгилаш каби муҳим вазифалар юклатилди.

 

Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида, жорий йил 21 июль куни Ҳисоб палатаси Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиб, давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятининг 1-ярим йилликдаги натижалари ҳамда бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларида белгиланган устувор йўналишлар – иш ҳақи ҳисобланиши, субсидиялар манзиллилиги ва самарадорлиги, давлат қарзи ва грантлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар натижадорлиги, қурилиш ишлари ва давлат харидлари амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш талаб этилиши таъкидланди.

Бунда, Давлат Раҳбарининг бюджет маблағлари манзилли, талон-тарож қилинмасдан самарали ишлатилишини назорат қилиш, ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш юзасидан топшириқлари алоҳида эътибор қаратилди.

Бюджет назорати ва аудит йўналишида кадрлар тайёрлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш, коррупциянинг олдини олиш, назорат жараёнларига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўламини ошириш ҳамда масофавий ва онлайн назоратни кучайтириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Ҳисобот даврида 2022 йил 1 январдан бошлаб жорий этилган “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали текширишларни ўзаро мувофиқлаштириш натижасида 251 та такрорий ва асоссиз назорат тадбирларининг олди олинганлиги маълум қилинди. 

Масофавий ва онлайн назоратнинг кенг кўламда қўллаган ҳолда самарасиз назорат тадбирларини қисқартириш билан бир вақтда уларнинг сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.

Республика бўйича ўтказилган назорат тадбирларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга камайиб, 3 639 тани ташкил этди.

Мамлакатимизда “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга тушгани ва унинг воситасида эришилаётган ижобий натижалар ҳақида Европа Олий аудит органлари ташкилоти (ЕВРОСАИ)нинг Ахборот технологиялари бўйича махсус бюллетени ҳамда Россия Ҳисоб палатасининг “Мониторинг” нашрида қайд этилиб, юқори баҳоланди.

 

Шу билан бирга, Ҳайъат йиғилишида соҳада қатор тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги кескин танқид остига олинди.

Хусусан, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати Инспекцияси томонидан назорат тадбирларини “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатга олиш ва уларнинг натижаларини киритиш борасида хато-камчиликларга йўл қўйилган.

Айрим ҳолатларда битта хато-камчилик 2 та назорат органи ҳисоботларида акс эттирилиб, такрорий ҳисобга олиниш ва уларнинг миқдори сунъий равишда оширилишига сабаб бўлмоқда.

Шу каби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги қарорининг ахборот технологиялари ва маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда текшириш объектларини аниқлаш орқали кам самарали тафтишларни қисқартириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш талаби етарли даражада бажарилмасдан қолмоқда.

Хусусан, Ҳисоб палатаси томонидан “Давлат аудити” дастурий комплекси маълумотлари асосида самарадорлиги паст назорат тадбирлари натижалари бўйича объектлар фаолияти қайта назоратдан ўтказилганда, аввалги назорат тадбирларида аниқланмай қолган молиявий ҳуқуқбузарликлар мавжудлиги маълум бўлди.

Мисол учун, Давлат молиявий назорати инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан 6 йиллик фаолияти текширилиб, 6,5 млн сўмлик молиявий ҳуқуқбузарлик аниқланган Самарқанд туман касб-ҳунар мактабининг фаолияти Ҳисоб палатаси томонидан масофавий ўрганилиб, 470,3 млн сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган.

Худди шундай, бошқарма томонидан Ургут тумани ҳокимлигининг 6 йиллик фаолияти текширилиб, 18,9 млн сўм иш ҳақи ва мукофот ортиқча тўланганлиги аниқлаган бўлса, Ҳисоб палатаси ўтказган назорат тадбирида 997,2 млн сўм маблағ моддий рағбатлантириш учун ортиқча сарфланганлиги аниқланди.

Бугунги кунда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди, назорат тадбири материаллари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига юборилди.

Йиғилишда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатларини олдини олиш ва уларнинг профилактикаси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Йиғилиш якунида молиявий назорат органлари ходимларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, молиявий ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, бюджет маблағларини талон-тарож қилинишининг олдини олиш ва улардан мақсадли, оқилона ҳамда самарали фойдаланиш борасида мутасадди ташкилотларга аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

Келгусида ҳам бюджет маблағларидан фойдаланилишини назорат қилишга доир вазифаларнинг давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари томонидан самарали бажарилиши борасида назорат тадбирлари давом эттирилади.

 

 

21 Июл 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея