Осиё олий молиявий назорат органлари билан янги форматдаги мулоқот
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси олдига Олий аудит органларининг халқаро стандартлари (ISSAI) асосида республикада янги молиявий, самарадорлик, мувофиқлик ҳамда фуқаролар иштирокидаги аудитнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва назорат тадбирларини ушбу стандартларга мувофиқ ўтказиш вазифаси юклатилган эди.
Ушбу соҳада илғор халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида 2021 йил 23 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (INTOSAI)нинг таркибига тўлақонли аъзо сифатида қўшилган эди.
Аъзоликка қабул қилинган даврдан ҳозирги кунга қадар Ҳисоб палатаси хорижий олий аудит органлари иштирокида 20 га яқин халқаро онлайн анжуман, ўқув семинар ва тренингларида иштирок этди. Ушбу тадбирлардан олинган билим ва малакалар Ўзбекистоннинг давлат молиявий назоратини нуфузли халқаро стандартларга мослаштириш имкониятини беради.
Кун сайин Ҳисоб палатаси халқаро фаолиятининг кўлами ва жуғрофияси кенгайиб бормоқда. Куни кеча яна бир маррага қадам қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Осиё Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (ASOSAI) Бошқарув кенгашининг 58-учрашувида ушбу ташкилот таркибига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.
ASOSAI 1979-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унинг таркибига 46 та мамлакат олий аудит органлари кирган. Яъни, Осиёнинг деярли барча мамлакатлари унга аъзо бўлган.
Ушбу нуфузли ташкилотнинг асосий мақсади – аъзо мамлакатлар орасида давлат аудити соҳасида фикр ва тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳалар ва назорат тадбирлари доирасида ҳамкорлик қилиш, сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида давлат аудиторларининг доимий малакасини ошириш имкониятларини таъминлашдан иборат.
ASOSAI ташкилотига аъзо бўлиш – бу, авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланиб, халқаро ҳамжамият билан конструктив мулоқотининг маҳсулидир.
ASOSAI га аъзолик Ўзбекистонда ташкил қилинган давлат молиявий назорати тизими учун бир қатор тизимли афзалликлар беради, хусусан:
• унинг салоҳиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш;
• давлат секторини самарали назорат қилишнинг янги стандартларини ўзлаштириш;
• илғор ғоялар ва хорижий тажриба алмашиш;
• халқаро ҳамжамият доирасида эътироф этилган жамоатчилик овозига эга бўлиш.
Мазкур стандартлар мамлакатимизда молиявий назорат жараёнининг шаффофлигини ошириш ва аудиторлик фаолияти сифатини таъминлашга хизмат қилади. Натижада, бу давлат молиявий назорати органлари ҳамда аудит натижаларига нисбатан кенг жамоатчилик ишончининг ошишига олиб келади.
Ҳисоб палатаси ASOSAI га аъзо бўлган давлатлар олий аудит органлари билан ҳамкорликни кенгайтириб, уни янги босқичга олиб чиқишни режалаштирган.
9 Июн 2022
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея