Сенаторлар Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги фаолиятини кўриб чиқдилар
2022 йил 29 апрел куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси доирасида Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2021 йилда амалга оширган фаолияти ва унинг натижалари сенаторлар томонидан батафсил муҳокама қилинди. Унда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баходир Турабов нутқ сўзлади.
Хусусан, асосий эътибор қуйидаги тизимли масалаларга қаратилди:
- давлат бюджети ижроси;
- давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштирилиши ва натижадорлиги;
- давлат қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги;
- солиқ ва божхона тизими ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чораларни амалга ошириш борасидаги эришилган натижалар;
- мавжуд муаммолар, тизимли қоидабузарликлар ва камчиликлар.
Сенаторлар бюджет даромадлари тўлиқлигини таъминлаш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларининг самарали ишлатилишини назорат қилиш ва бу борада аниқланган тизимли хато-камчиликларнинг бартараф этилиши юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилган ишларни ижобий баҳолади.
Шунингдек, Давлат бюджети параметрларининг шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги ҳар томонлама таҳлил қилинганлиги, қабул қилинган давлат ва ҳудудий дастурлари устидан назорат натижалари ҳисоботда келтирилганлигини маъқулланди.
2021 йилда юклатилган вазифалар доирасида Ҳисоб палатаси томонидан 60 та назорат тадбирлари ва тематик таҳлилий ўрганишлар амалга оширилган.
Ҳисоб палата томонидан бюджет тизими бюджетлари маблағларининг сарфланиши юзасидан 2021 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 338 млрд. сўмлик ноқонуний харажатлар ва ўзлаштиришлар аниқланиб, бюджетга қайтаришга қаратилган.
Шунингдек, 2,7 трлн. сўмдан ортиқ харажатлар мақбуллаштирилиб, устувор вазифаларни молиялаштириш учун қайта тақсимлаш имкониятлари яратилди.
Давлат раҳбарининг 2 876 та ҳужжатларидаги 63 541 та топшириқлари электрон тизимига киритилган ва ижроси назоратга олинган.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилиб молиявий ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида 60 га яқин материаллар расмий веб-сайтда, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритган.
Республика бўйича 2019-2020 йиллар инвестиция дастурларига киритилган қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл соҳасидаги объектлар ўрганилган. Аниқланган ҳолатларга кўра ижтимоий объектлар ва йўлларнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилмаганлиги сенаторлар томонидан танқидий баҳоланди.
Мажлис иштирокчилари Ҳисоб палатасининг замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни ҳамда илғор назорат усулларини кенг қўллаётганлигини маъқуллашди.
Айниқса, бюджет ташкилотларида ўтказиладиган барча молиявий назорат тадбирларини тартибга солиш, самарадорлигини ошириш ва бу жараёнда инсон омилини камайтиришга хизмат қиладиган “Давлат аудити” дастурий комплексининг яратилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Янги тизим орқали бюджет ташкилотларида қайта-қайта текширишлар ўтказиш ҳолатлари ҳамда фаолиятига асоссиз аралашувлар олди олиниши, ўз навбатида ташкилотлар ҳам ўзларида ўтказилган текширувлар юзасидан фикр билдиришлари, унинг якунларига баҳо бериш имкониятларининг яратилганлиги соҳани тартибга солишдаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилаётганлиги қайд этиб ўтилди.
Шу билан бирга, сенаторлар ҳисоботда келтирилган тизимли молиявий ҳуқуқбузарликларга, хато ва камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, бюджет даромадларини кўпайтириш имкониятларини излаш, мавжуд заҳираларни ишга солиш, яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига Давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилиниши ва бюджет маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилишига йўл қўйилаётгани, марказий ҳамда маҳаллий идоралар мутасаддиларининг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Айниқса, Олий ва ўрта махсус таълим, Сув хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларда аниқланган молиявий қонунбузарликлар жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Мажлисда сенаторлар Ҳисоб палатасининг йиллик ҳисоботига ўз муносабатларини билдирдилар.
Сенаторлар Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар лозим даражада ташкил қилинганини эътироф этиш билан бирга, келгусида олиб борилаётган ишларни кучайтиришга оид таклиф ва тавсиялар ҳам бердилар. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилди.
29 Апрел 2022
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |