“Олий аудит органлари фаолиятида маълумотлар оқими билан боғлиқ муаммолар”

ЕВРОСАИнинг Ахборот технологиялари бўйича ишчи гуруҳи (EUROSAI ITWG) томонидан “Тўғон ортидаги сув: олий аудит органлари фаолиятида маълумотлар оқими билан боғлиқ муаммолар” мавзусида халқаро онлайн семинар бўлиб ўтди.

 

Ушбу семинарнинг асосий эътибори ЕВРОСАИга аъзо мамлакатларда аудит соҳасида маълумотлар алмашинуви билан боғлиқ муаммоларга қаратилди.

Тадбир давомида турли олий аудит органлари ва давлат сектори вакиллари маълумотларни етказиш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ қийинчилик ва ютуқлар юзасидан фикр алмашди.

Ҳозирда, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ, маълумотларнинг тўғри алмашинуви барча муассасаларга самарали фаолият юритиш учун улкан имкониятлар беради. Шундай экан, аудит соҳасидаги сўнгги ишланма ва илғор тажрибалардан хабардор бўлиш замонавий олий аудит органларининг муваффақиятини белгилайди.

Учрашув аввалида Эстония, Латвия, Швейцария ва Нидерландия олий аудит органлари раисларининг маърузалари ўрин олди.  

 

Сўнг маълумотлар олиш, аудиторлар ўртасида алмашиш борасида Дания ва Швециянинг тажрибалари ҳақида ахборот берилди. 

Рақамли трансформациялар даврида АКТдан фойдаланиш ва аҳолини рўйхатга олиш ва эпидемияга қарши курашиш жараёнида автоматлаштириш мавзусида Чехиянинг тажрибаси муҳокама қилинди. 

 

Кейин Европа Ҳисоб палатасининг вакили аудиторлар учун блокчейн имконият ва таҳдидлари ҳақида сўз юритди. Австрия вакили эса GovIX ва ACA-box рақамли концепцияларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан тавсиялар берди. 

Европалик маърузачилар маълумотлар оқимини бошқариш давлатларга бир қатор афзаллик ва устунликлар берган ҳолда инновацион ишланмаларни кучайтириб, рақамлаштириш орқали иш жараёнларини яхшилашини қайд этди.

 

 

Тадбир сўнгида қатнашчилар томонидан маълумотлар сифати такомиллаштириш ва маълумотлар оқимини рационал тарзда бошқариш юзасидан тавсиялар берилди. 

 

 

Маълумот ўрнида

ЕВРОСАИнинг Ахборот технологиялари бўйича ишчи гуруҳи (EUROSAI Information Technology Working Group) 2002 йилда тузилган бўлиб, унинг мақсади – Европа миллий аудит идораларига ахборот технологиялари соҳасида тажриба алмашишга кўмаклашишдан иборат.

Ишчи гуруҳнинг аъзолари 40 та давлатнинг олий назорат органлари. Фаолиятининг асосий йўналишлари электрон бошқарув, ахборот технологиялари аудитини стандартлаштириш, ахборот технологиялари институтларини баҳолашни қамраб олади.

Эстония Миллий аудит идораси 2020 йилнинг ёзидан бошлаб ушбу ишчи гуруҳга раислик қилмоқда.

 

 

 

12 Апрел 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея