ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА КРЕДИТЛАРНИНГ МАҚСАДЛИ ВА САМАРАЛИ ИШЛАТИЛИШИ ЎРГАНИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан тижорат банкларида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ажратилган кредитларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши ўрганилди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5113-сон Қарорига асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 7 та тижорат банкига 1,5 трлн сўм ресурс ажратилган.

Ўрганишлар давомида 257 та ҳолатда кредитларнинг мақсадсиз сарфлангани ёки маҳсулотлар ўз вақтида етказиб берилмагани, 7 та ҳолатда эса кредитлар Қарорда кўзда тутилмаган самарасиз лойиҳаларга ажратилгани аниқланди.

 

 

Хусусан, "Қишлоқ қурилиш банк"да 71 та, “Ўзмиллийбанк”да 68 та, “Ипотека-банк”да 36 та, “Ўзсаноатқурилишбанк”да 27 та, “Алоқа банк”да 22 та, “Туронбанк”да 17 та ва “Асакабанк”да 16 та ҳолатда кредитлар мақсадсиз сарфланган, товар ва хизматлар шартномаларда белгиланган муддатда етказиб берилмаган.

Соҳага салмоқли маблағ ажратилаётган бўлсада, кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилиши, иш ўринлари яратилиши ва бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши борасида тизимли муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.

Лойиҳаларнинг 60 фоизида тушум кўрсаткичлари бажарилмаган, 2 та ҳолатда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган, 360 та лойиҳани ишга тушиши кечиккан ҳамда янги иш ўринларини яратиш режаси бор-йўғи 34 фоизга бажарилган.

Мақсадсиз сарфланган 49 та кредитлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ёки қарздорликни ундириш юзасидан суд ва прокуратура органларига мурожаат қилинди, 26 та лойиҳа бўйича мақсадсиз ишлатилган кредит муддатидан аввал ундирилди ҳамда 83 та лойиҳа бўйича 27 млрд сўмлик жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди.

Шунингдек, “Асакабанк”, “Ўзмиллийбанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2022 йиллардаги ҳужжатлари билан берилган 2061 та топшириқнинг ижроси ўрганилди. Ижро муддати келган топшириқдан 4 тасининг ижроси ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган.

Ўрганиш жараёнида 17 та топшириқнинг ижроси тўлиқ бажарилмаган бўлсада, “ijro.gov.uz” тизимига ушбу топшириқларни тўлиқ ижро қилинганлиги тўғрисида нотўғри ахборот киритилганлиги аниқланиб, қайта назоратга олинди.

 

Аниқланган камчиликлар бартараф этиш юзасидан тегишли тижорат банкларига кўрсатмалар юборилди.

 

4 Апрел 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея