Сув хўжалиги вазирлиги тизимида самарадорлик аудити ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида давлат бюджети ва давлат қарзи ҳисобидан амалга оширилган харажатларнинг самарадорлиги ҳамда маблағларни оптималлаштириш имкониятлари ўрганилди. 

► Сув ресурсларининг глобал танқислиги юзага келиши прогноз қилинаётган бир пайтда, Ўзбекистон сув танқислиги бўйича дунё мамлакатлари ичида юқори ўринларда туриши соҳада қатор ишларни амалга оширишни тақазо қилади. 

Охирги йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича республикамизда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, биргина 2021 йилда 653,4 км коллектор-дренаж тармоқлари, 51 та гидротехника иншооти ҳамда 10 та кўприк, 17 та мелиоратив вертикал дренаж қудуқларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Амалга оширилган тадбирлари натижасида 301 минг гектардан ортиқ майдонларнинг сув таъминоти ҳамда 200,6 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 20 минг гектарга қисқаришига эришилди.
Соҳада сувни тежаш ва лазерли текислаш технологиясини жорий этиш ишлари йўлга қўйилди. 2021 йилнинг ўзида республикада 201 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.

Ушбу технологиялар ўзининг ижобий самарасини бера бошлади.

 

Яна бир мисол, Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилган “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимининг магистрал суғориш каналларини тиклаш” лойиҳаси доирасида 312,7 км каналлар қайта тикланди, шундан 214,1 км каналлар ўзани бетонлаштирилди ҳамда 807 та иншоотларни қурилиш-тиклаш ишлари олиб борилди. Натижада, ушбу каналлар орқали Хоразм вилоятининг 7 та туманидаги 181 минг гектар ер майдонлари учун узлуксиз сув етказиб берилмоқда.

 

Шу билан бирга, айрим тизимли муаммолар ва камчиликлар соҳада самарадорлик кўрсаткичларини пасайтирмоқда.
 

Жумладан:
– объектларда таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари қийматини ошириш ҳолатлари мавжуд;
– мелиорация объектлари учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишдаги хатоликлар туфайли ортиқча ва самарасиз харажатларга йўл қўйилган;
– вазирлик тизимидаги коллектор ва каналлардаги соҳил бўйи минтақаси ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва уларда ижара муносабатлари тўғри йўлга қўйилмаган;
– давлат ташқи қарз ҳисобига амалга оширилаётган айрим лойиҳалар самарадорлиги паст, маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари мавжуд;
– насос станцияларидаги трансформатор ва электр узатиш тармоқларида технологик йўқотишлар учун бюджет маблағларини самарасиз сарфлаш ҳолатлари мавжуд;
– тизимда малакали мутахассислар етишмаслиги сабабли электр таъминоти ускуналарини техник соз ҳолатда сақлаш имконияти талаб даражасида эмас;
– насос станциялари ва электр бошқармалар томонидан сифатли насос ускуналарини шаффоф ҳолда харид қилиниши устидан самарали назорат йўлга қўйилмаган.
– вазирликнинг ички аудит ва комплаенс назорат бошқармаси самарасиз фаолият юритмоқда.


Ўрганиш натижаларига кўра сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда аниқланган ҳолатлар ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, Ҳукумат ва вазирликка тақдим этилди.

 

 

21 Январ 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея