ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “2022 ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНИ ЛОЙИҲАСИ ВА 2022 ЙИЛ УЧУН БЮДЖЕТНОМА БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИСОБ ПАЛАТАСИНИНГ ХУЛОСАСИ ЮЗАСИДАН

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан “2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси экспертизаси ва 2022 йил учун Бюджетнома таҳлили амалга оширилди.

Қонун лойиҳаcи ва 2022 йил учун Бюджетнома мамлакатни келгуси даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттиришга қаратилган.

Жумладан, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш жараёнида бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар миқдори ва мақсадли индикаторлар белгиланган.

Бунда, Давлат бюджети ҳисобидан ривожлантириш дастурлари мавжуд бўлмаган айрим вазирлик ва идораларнинг мақсадли индикаторлари уларнинг стратегик мақсадларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.

Ушбу мақсадли индикаторлар “2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган қарор билан тасдиқланиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сонли қарорига асосан 2022 йилда республиканинг барча туман ва шаҳарларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Бюджет кодексининг 96-моддаси ва “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2022 йил учун Бюджетнома бўйича Хулоса тайёрланди.

Хулосани тайёрлаш жараёнида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, соҳалар бўйича мақсадлари, вазифалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилди.

Ҳисоб палатаси томонидан солиқ солиш базасидаги ўзгаришлар, ишлаб чиқариш ҳажмларидаги ўсиш кўрсаткичлари, солиқ маъмурчилигидаги ўзгаришлар ва солиқ имтиёзлари таркиби таҳлил қилиниб, бюджет даромадлари прогнози белгиланишида айрим тушумларнинг манбалари етарли эмаслиги ёки тўлиқ ҳисобга олинмаганлиги аниқланиб, Лойиҳага тегишли тузатишлар киритиш тавсия этилди.

Шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси бўйича бир қатор таклифлар киритилди.

Жумладан, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида, жисмоний шахслар учун кўчмас ва кўчар мулкни расмийлаштиришда ундириладиган давлат божлари ва йиғимлар миқдорини (мулкларни қийматига мутаносиб равишда) қайта кўриб чиқиш (унификация қилиш) тўғрисида тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, хулосада Лойиҳадаги бюджет соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга оид нормалар бўйича Бюджет кодексига Қонун лойиҳаси билан бир вақтнинг ўзида ўзгартиришлар киритиш тавсия этилди.

Масалан, Олий Мажлис палаталари томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлар режасига 10 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда киритиладиган ўзгартиришларни кўриб чиқишда, Вазирлар Маҳкамасига Ҳисоб палатасининг хулосасини олиш таклиф қилинди.

Ҳисоб палатаси томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларнинг асосий қисми Лойиҳада ўз аксини топди.

Юклаб олиш

9 Ноябр 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея