ДАВЛАТ ТАШҚИ ҚАРЗ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖАЛБ ҚИЛГАН ҲОЛДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ЛОЙИҲАЛАРНИ НАЗОРАТ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА.

Охирги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда, кенг жамоатчилик эътиборида бўлган ташқи қарз маблағларидан самарали фойдаланиш масаласи бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бўлиб қолмоқда.

Ҳисоб палатаси томонидан давлат ташқи қарзини жалб қилган ҳолда амалга оширилган лойиҳалар самарасини ўрганиш, аниқланган салбий ҳолатларни бартараф қилиш чораларини кўриш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, ўрганиш натижаларини Олий Мажлис палаталарига мунтазам киритиб бориш йўлга қўйилди.

Ўрганишлар натижалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида масъул вазирлик ва идоралар иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда.

Ушбу вазифалар доирасида, Ҳисоб палатаси томонидан Жаҳон банкининг 100 млн АҚШ доллар қарз маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси ўрганилди.

Лойиҳа доирасида Чортоқ тумани, Когон ва Янгийўл шаҳарларини комплекс ривожлантириш, жумладан ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш кўзда тутилган.

Лекин, 2019 йилда амалга ошириш бошланган мазкур лойиҳа доирасида режалаштирилган тадбирлар белгиланган муддатлардан ортда қолаётганлиги аниқланди.

Масалан:

– Когон шаҳрида Амир саройи ва маданий мерос биноларини реставрация қилиш ҳамда Чортоқ тумани, Когон ва Янгийўл шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш бўйича амалий ишлар бошланмаган;

– Чортоқ туманидаги собиқ 17-сон болалар боғчасини модернизация қилиш бўйича 209,5 млн сўмлик ўрнатилмаган ускуна ва қурилиш материаллари бажарилган қурилиш ишлари қийматига қўшиб ёзилган;

– Чортоқ тумани, Когон ва Янгийўл шаҳарларида махсус техникалар учун гаражлар қуриш, биноларни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига амал қилинмаганлиги оқибатида объектларнинг лойиҳа қиймати 101,5 млн сўмга ошириб юборилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, лойиҳани жадаллаштириш, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш юзасидан тақдимнома киритилди ҳамда ўрганиш материаллари прокуратура органларига тақдим этилди.

Ташқи қарз лойиҳаларини таҳлил ва назорат қилиш ишлари Ҳисоб палатаси томонидан тизимли давом эттирилмоқда.

12 Апрел 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея