ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҚИБРАЙ ТУМАНИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ “ТАБИИЙ ГАЗ НАЗОРАТИ ВА ҲИСОБИНИНГ АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ” ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚАРОРИ ИЖРОСИ ЎРГАНИЛДИ

       Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Ҳисоб палатаси, газ таъминоти корхоналари ва «Ўзнефтгазинспекция» мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ вакиллари, давлат раҳбари Қарорида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини ўргандилар. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан «зангори ёқилғи»дан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Шуни таъкидлаш керакки, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 52,6 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, айни пайтда уларни 46,2 мингдан зиёд қисмига «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди. Уларнинг аксарияти аллақачон газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланди ва бу Қибрай тумани ҳудудида янги тўлов интизоми шаклланганлигини англатади.

Хусусан, 2020 йилда Қибрай тумани аҳолисига 75,8  миллиард сўм миқдоридаги табиий газ етказиб берилди, шу билан бирга аҳолидан белгиланган давр учун тўловлар кўрсаткичи 61,4 миллиард сўмни ташкил этди, янги ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилгунига қадар, истеъмолчиларнинг дебиторлик қарзи 31,5 млрд. сўмни ташкил этар эди. Яъни, бугунги кунда ақлли технологиялар ишлатилган табиий газ учун тўловни ўз вақтида 80 фоизга оширишга имкон берди.

      Олинган натижалар асосида газ таъминоти корхоналарга «ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатишни тўлиқ якунлаш ва Қибрай туманининг барча истеъмолчиларини АСКУГ тизимига улаш, аниқланган техник муаммолар ҳамда камчиликларни бартараф этиш, шу жумладан, ҳимоя шкафлари ва фильтрларни тўғри ўрнатиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Ҳисоб палатасининг ишчи гуруҳи томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши ҳам ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида уй хўжаликлари, умумий овқатланиш объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари текширув учун тасодифий тартибда танланди. Масалан, Қибрай туманининг «Гулистон» маҳалласидаги уй қурилаётган ер-участкаларининг бирида табиий газдан ноқонуний фойдаланилаётганлиги аниқланди. Тегишли рухсатнома ва газ ҳисоблагич мавжуд эмаслигига қарамай, мулк эгаси газ плитаси ва бинони иситиш учун ностандарт печни тармоққа улаб олган. Бундай ўзбошимчалик оқибатида ҳисоб-китобларга кўра туман газ таъминоти корхонасига
60,7 минг метр куб ёки 23,1 миллион сўмни зарар етказилган.

      Яна бир қизиқ ҳолат. Қибрай туманининг «Салар» маҳалласидаги «Камолот» кўчасида овқатланиш жойи ташкил этилган бўлиб, мазкур корхона маъмурияти табиий газдан фойдаланишнинг қаранг-ки барча қоидаларини бузган ҳолда, ўзбошимчалик билан объектни газ таъминоти тизимига улаган. Овқатланиш шаҳобчасининг фаолияти давомида 90,3 минг метр куб «зангори ёқилғи» текингинага сарфлаб юборилган. Бундай ўзбошимчалик билан ташкил этилган фаолиятдан зарар 34,3 миллион сўмни ташкил этди.

     Халқимизда, «қорнинг тўқнинг, қорни оч билан нима иши бор» деган нақл бор. Ўз шахсий манфаатлари йўлида, ноқонуний йўллардан фойдаланаётганлар орасида юридик шахслар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида Қибрай туманидаги корхоналар томонидан етказилган зарар 139,8 миллион сўмдан ошган.

Жумладан, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлар орасида «Зафаробод» маҳалласида жойлашган «Gold Fish Flour» МЧЖ ҳам бор. Унинг фаолияти ем махсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, корхона ходимларининг қоидага зид равишда 49,4 минг метр куб табиий газ талон-тарож қилиниб, газ таъминоти корхонасига етказилган зарар 32,6 миллион сўмни ташкил этган.

Буни қарангки ҳудди шунга ўхшаш яна бир ҳолат «Алишерабод» маҳалласидагида ҳам бор экан. Ушбу маҳалланинг «Жасорат» кўчасидаги гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган «Top Star Food» МЧЖ ҳам табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Ҳолат юзасидан далолатномалар расмийлаштирилди ва ҳисоб-китобларга кўра 39,5 миллион сўм туман газ таъминоти корхонасига зарар етказилганлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ томонидан тамғаларга зарар етказиш ва  газни ҳисобга олиш мосламаларининг шикастланишига оид 12 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши натижасида 58,4 минг метр куб газ ёки 58 миллион сўм зарарни ташкил этган.

Ишчи гуруҳ табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан «зангори ёқилғи»дан оқилона фойдаланиш ҳолатларини ўрганишни давом эттирмоқда.

24 Феврал 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея