Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 594-сонли қарорига мувофиқ, республикада электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Республикада 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига 2021 йилнинг 1 апрелига қадар уланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Энергетика вазирлиги томонидан мазкур жараён устидан кунлик мониторинг ўрнатилган.

Хусусан, декабрь ойида “Ўзэнергоинспекия” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ишчи гуруҳлари билан биргаликда Янгийўл туманида ўрганишлар ўтказилди.

Туманда мавжуд 9 та нимстанциялар (подстанция), 340 та трансформатор пунктлари ҳамда 1 135,26 км электр линиялари орқали истеъмолчиларга  электр энергияси етказиб берилмоқда.

“Янгийўл ТЭТК” томонидан 872 нафар улгуржи ва 47 444 нафар аҳоли (шундан 12 345 нафар истеъмолчилар АСКУЭ тизимига уланган) истеъмолчилари “Электрҳисоб” маълумотлар базасида рўйхатга олинган.

Ўрганишлар давомида улгуржи ва маиший истеъмолчилар томонидан 25 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатларнинг 14 тасида туман электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан электр энергиясидан фойдаланилган, 4 тасида истеъмолчи тариф гуруҳлари ўрнига бошқаси қўлланилган, 3 тасида ҳисоблагичда йиғилиб қолган кўрсаткичга ҳисобот берилмаган ва 2 тасида ҳисоблагич электр энергияси истеъмолини кам ҳисобланган.

Жумладан, “Фаровон империал” МЧЖга тегишли “Фаровон” тўйхонаси кўрилганида истеъмолчининг электр ҳисоблагичи ёниб кетганлиги ва рўйхатга олинмаган бошқа электр ҳисоблагичи ўрнатилганлиги аниқланди. Яъни, истеъмолчи балансида қуввати 160 кВА бўлган куч трансформатори тегишли техник ҳужжатларсиз ва қоидага зид равишда тармоққа уланган ва электр энергиядан фойдаланилган.

Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда 2 101,9 минг кВт.с электр энергияси сарфи ҳисобланди ва 945,8 млн.сўм ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, ЯТТ Фархуддинов Ихтиёр Бахтиёровичга тегишли музхонада ток трансформаторининг А ва С фазалари техник қоидаларга зид равишда тўғридан-тўғри уланганлиги сабабли электр ҳисоблагич 66 фоизга кам ҳисоблаган ҳамда мавжуд ҳисоблагичда йиғилиб қолган 268,2 минг кВт.соат ёки 120,7 млн сўмлик истеъмол ҳажми ҳисоботлардан яшириб келинган.

Шу билан бирга, “Хонрод инвест” ёғ-мой ишлаб чиқариш заводи кўрилганида, истеъмолчи томонидан таъминот корхонаси билан шартнома тузилмасдан ўртача 250-300 та хонадон ёки маҳаллаларни электр энергияси билан таъминлашда ўрнатиладиган 1 000 кВАР куч трансформатори тармоққа уланган бўлиб, электр энергиясидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келганлиги маълум бўлди.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Белгиланган тартибда электр таъминоти корхонаси манфаатларига етказилган зарар миқдори 31 936,9 минг кВт.соат ёки 14 877,8 млн сўм миқдорида ҳисоб-китоб қилинди.

Юртимизда ҳаво ҳарорати пасайгани сари аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг электр энергияси истемолига талаби ошаётган бир пайтда, тармоқларга ўзбошимчалик уланиб олиш, фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик, ҳисобланган электр энергияси тўловларидан қочиш каби ҳолатлар виждонан истеъмол қилувчиларни электр энергияси билан таъминлашда бир қатор муаммолар вужудга келтириши табиий.

Шу билан бирга, тармоқдаги йўқотишлар, электр энергияси учун тўловларнинг тўлиқ ундирилмаслиги ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қурилмаларининг эксплуатация ва модернизация харажатлари учун етарлича маблағлар жалб қилинмаслигига сабаб бўлади.

Жорий этилаётган “ақлли” ҳисоблагичлар орқали автоматлаштирилган тизим асосида электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ ноқонуний холатларни тўлиқ олди олинишига эришилади.

Айни пайтда, энергия манбаларидан ҳалол ва қонуний фойдаланилишини назорат қилишда кенг жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши асосий воситалардан биридир.

Табиий газ ва электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимлари асосида назорат тадбирлари давом эттирилади.

4 Январ 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея