ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТ ВА КОРРУПЦИОН ҲОЛАТЛАРНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРУВЧИ ОМИЛЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудудда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, молиявий интизом ва назоратни кучайтириш ҳамда бюджет даромад ва харажатлари натижадорлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари вилоят халқ депутатлари маҳаллий Кенгашида муҳокама қилинди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов вилоятда коррупция билан боғлиқ қўзғатилган жиноят ишлари сони ва молиявий қонунбузилишларни содир этишда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Хусусан, 2019 йилда вилоятда коррупция билан боғлиқ қўзғатилган жиноят ишлари сони 51 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида ушбу кўрсаткич 44 тани ташкил этганлиги, аниқланган коррупцион жиноят содир этган 86 та мансабдор шахсларнинг 75 фоизи Жиноят кодексининг 167 ва 210-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги қайд қилинди.
Ушбу жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар асосан ҳоким ўринбосари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, мактабгача таълим, МИБ, банк, солиқ ҳамда бошқа идоралар вакилларидан иборат эканлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов молиявий қонунбузилишларни содир этиш услублари ҳамда ижтимоий соҳада аниқланган муаммо ва камчиликларга тўхталди.
Жумладан, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида молиявий назорат органлари томонидан ижтимоий соҳа яъни мактабгача таълим, ҳалқ таълими, соғлиқни сақлаш тизимидаги 333 та муассасалар ўрганилганда жами 34 млрд. сўмлик хато ва камчиликлар аниқланганлиги;
- Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмасдан вилоятда 15 та туман ва шаҳарларда 24,5 млрд. сўмлик харидлар амалга оширилганлиги;
- “Саломатлик-3” дастури лойиҳаси доирасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига етказиб берилган ноёб тиббий асбоб ускунлардан 22 таси ўрнатилмаганлиги, 197 таси бугунги кунда фойдаланилмаётганлиги;
- аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган 23 млрд. сўмлик 10 та объект фойдаланишга қабул қилинган бўлсада, аҳолига сув тўлиқ етиб бормаганлиги, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда, ушбу йўналишдарда ҳудудий молиявий назорат органлари томонидан ўтказилаётган текширишлар самарадорлиги етарли даражада эмаслиги таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати Департаментининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Халқ таълими тизимидаги 103 та объектда 1 млрд. сўмлик хато-камчиликлар аниқланган бўлса, Ҳисоб палатаси томонидан айнан шу объектларда ўша теширилган даврдан қўшимча равишда 5,3 млрд. сўмлик ноқонуний харажатлар ва талон-торожликлар аниқланган.
Вилоят ҳудудида бир қатор ижтимоий аҳамияти юқори бўлган муаммолар мавжудлигига қарамасдан, ушбу йўналишлардаги вазиятни юмшатиш тадбирларига етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги мухокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллий бюджет даромадларни кўпайтиришда етарли захиралар мавжудлигига қарамасдан даромадлар режасини бажариш учун тадбиркорлардан ортиқча солиқ ва йиғимлар ундирилаётганлиги танқид қилинди.
Ишчи гуруҳ томонидан икки кун давомида Косон туманида танлов асосида 8 та субъектда ўтказилган ўрганишнинг 5 тасида яширин фаолият мавжудлиги, энергия таъминотидан ҳам ноқонуний фойдаланаётганлиги қайд этилиб, бу борада тизимли ишлар ташкил қилинмаганлиги кўрсатиб берилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан, кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш ва келгусида яширин иқтисодиёт, коррупция ва бюджет маблағларини талон-торож қилинишини олдини олиш юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва унинг ижроси вилоят депутатлари томонидан назоратга олиниши келишиб олинди.
25 Ноябр 2020
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |