Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасида маблағларини шаклланиши ва самарали ишлатилиши ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳисоб палатасининг иш-режасига мувофиқ, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасида маблағларнинг шаклланиши, самарали ишлатилиши ҳамда юклатилган вазифалар ижроси юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Жамғарма томонидан 2017-2019 йиллар ва жорий йилнинг ўтган даврида 5,3 мингта тадбиркорлик субъектларининг 10,4 трлн сўмлик кредит мажбуриятлари бўйича 3,9 трлн сўмлик кафиллик (гаров таъминоти) берилган.

Худди шундай, 16 мингта тадбиркорлик субъектларининг 22,3 трлн сўмлик кредитлари бўйича ҳисобланган 2,8 трлн сўмлик фоизларни қоплаб бериш (компенсация) юзасидан шартномалар имзоланиб, 300,2 млрд сўм компенсация тўлаб берилган.

Шу билан бирга, Жамғарма томонидан айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.

Хусусан, берилган кафилликлар бўйича 6,7 млрд сўм воситачилик ҳақи тадбиркорлик субъектларидан ундирмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, жамғарма ва тижорат банклари томонидан самарали электрон ахборот алмашинуви ташкил этилмаганлиги, ўзаро ҳисоб-китобларда камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳисобига Жамғармадан 1,2 млрд сўм ортиқча маблағлар сарфланган.

Жамғарма Низомига мувофиқ, Марказий банк ҳар чоракда камида бир марта компенсация ва кафилликлар ҳисоб-китоблари ишончлилигини жойига чиқиб ўрганиши белгиланган.

Амалда, 2018-2020 йилларда Марказий банк томонидан ўрганишлар ўтказилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб Жамғарма маблағлари ҳисоби тўлиқ ягона ғазна ҳисобварағида юритилмаган.

Жумладан, 90,3 млрд сўм маблағлар ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилмасдан сарфланган.

Жамғарма фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва келгусида олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Марказий банкига тегишли кўрсатмалар юборилди.

Шунингдек, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.

26 Октябр 2020

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея