Ўзбекистон Республикаси давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ҳамда мавжуд қонунчиликни янада мукаммаллаштириш юзасидан ўрганиш ўтказилди
Давлат харидлари - бу аслида давлат, жамият ва бизнес ўртасидаги муносабатларнинг сифатини акс эттирувчи ва таъминловчи жараёндир. Давлат органлари ва муассасалари харид қилиш жараёнида аҳолининг юқори даражадаги турмуш даражасини таъминлаш учун жамият манфаатларини кўзлаб бюджет маблағларидан максимал даражада самарали фойдаланишлари муҳимдир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат харидлари қонун ҳужжатлари талабларини тўғри қўллаган холда амалга оширилишини назорат қилиш, мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда харидларнинг шаффофлиги ва ҳалол рақобатга асосланган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ўз олдига қўйган асосий мақсад ва вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ҳисоб палатаси томонидан керакли чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиб келинмоқда.
Ҳисоб палатаси томонидан давлат буюртмачиларининг 2019 йил ва 2020 йилнинг январь-май ойлари давомида амалга оширилган харидлари ўрганилиб, давлат хариди иштирокчилари томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, Давлат харидларини амалга оширишда рақобатга асосланган 42 635 та ҳолатда харид усулларини четлаб ўтиб миқдорий мезонларга риоя қилмасдан ёки 99 та ҳолатда таъсисчиси айнан битта шахс бўлган етказиб берувчилар билан битимлар тузилган ҳамда 162 та ҳолатда харидлар бўйича техник топшириқлар амалдаги қонунчиликка асосан экспертизадан ўтказилмаган.
Давлат буюртмачилари томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ва қонуности ҳужжатларига зид равишда 2 976 та ҳолатда давлат харидлари тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали амалга оширилган.
Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва давлат бюджети даромадларининг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши бўйича давлат харидлари ижрочиларининг солиқ ҳисоботлари махсус ахборот портали маълумотлари билан солиштирилганда етказиб берувчилар томонидан 85,5 млрд.сўмлик етказиб берилган товар ва хизматлар солиқ идораларига топширилган ҳисоботларида тўлиқ акс эттирмаганлиги аниқланди.
Ҳисоб палатаси томонидан Давлат солиқ қўмитасига тегишли кўрсатма берилиб натижада солиқ қўмитаси ходимлари томонидан дастлабки камерал назорати тадбирлари натижасида бюджетга қўшимча 329,1 млн.сўм ундирилиши таъминланди. Ҳозирги кунда ушбу масала юзасидан солиқ идоралари томонидан изчил таҳлиллар давом эттирилмоқда.
Ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан нафақат харидларни амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар балки давлат харидларига оид қонун ҳужжатларидаги номувофиқликлар ҳамда давлат харидларига оид қонун ҳужжатларида ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқлар ва савдоларни ташкил этишни янада шаффоф ўтказиш имкониятларини аниқлаш бўйича ўрганишлар амалга оширилди.
Ўрганиш натижаси бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан ва давлат харидлари соҳасидаги норматив меъёрий ҳужжатларни мукаммаллаштириш мақсадида 24 та йўналиш бўйича таклифлар лойиҳаси ишлаб чиқилиб тегишли ахборот Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ва Олий мажлис Сенатига тақдим этилди.
Ушбу таклифлар асосида ваколатли орган манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан халқаро тажрибаларни ўрганган холда давлат харидлари жараёнини янада шаффофлигини таъминлаш ва мавжуд қонунчилик базасини мукаммаллаштириш бўйича узлуксиз ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги пандемия даврида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилаётган давлат харидлари қонунийлиги бўйича масофавий мониторинг ишлари узлуксиз амалга оширилиб келинмоқда.
20 Октябр 2020
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |