ДАВЛАТ ТАШҚИ ҚАРЗЛАРИ ҲИСОБИДАН МОЛИЯЛАШТИРИЛГАН ЛОЙИҲА ВА ДАСТУРЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИБ БОРИЛМОҚДА
Бугунги кунда ташқи қарз ҳисобидан лойиҳаларни молиялаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, улар амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш ва натижаларини баҳолашнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш устувор вазифа ҳисобланади.
Шу муносабат билан Ҳисоб палатаси томонидан давлат ташқи қарзлари ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар таҳлили йўлга қўйилди.
Хусусан, 18 та вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари масъуллигида ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010-2019 йилларда якунланган 81 та лойиҳалар ҳолати таҳлил қилинди.
Ушбу лойиҳалар бўйича умумий ҳисобда 11,4 млрд. АҚШ долл. маблағлар ўзлаштирилган ва лойиҳаларни амалга ошириш учун 7,1 млрд. АҚШ долл. давлат ташқи қарз маблағлари жалб этилган.
Таҳлил натижаларига кўра, 24 та лойиҳалар бўйича муддатлардан кечикиш, ишлаб чиқариш ва самарадорлик билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги аниқланди:
1. Муддатлардан кечикиш ҳолатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитасида 3 тадан, Ахборот технологиялари вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 2 тадан, Халқ таълим вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Давергеодезкадастр қўмитасида 1 тадан лойиҳаларда кузатилган.
Аксарият лойиҳаларда муддатлардан кечикиш ҳолатлари маблағлар ўзлаштирилиши билан боғлиқ бўлиб, лойиҳа ҳужжатларида белгиланган муддатларнинг бир неча бор узайтирилишига сабаб бўлган.
Масалан: Ислом тараққиёт банки иштирокидаги М39 Тошкент-Термиз автомобиль йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси (96,47 км) бўйича йўл-қурилиш техникаларини мобилизация қилиш ва материаллар етказиб беришдаги узилишлар сабабли лойиҳани якунлаш муддати 4 марта узайтирилган ва 2014 йилга белгиланган лойиҳа амалда 2019 йилда фойдаланишга топширилган;
2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 1 та, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан 3 та, Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан 1 тадан лойиҳалар якунига етказилмаган.
Жумладан: Миллий географик ахборот тизимини яратиш лойиҳаси Корея иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармасининг маблағларини жалб қилган ҳолда 2018 йилда якунланган, лекин лойиҳа фойдаланишга топширилмаган ва ундан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмаган.
Шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖда 2 та, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 1 тадан лойиҳаларни фойдаланишга топшириш бўйича ҳужжатлар расмийлаштириш якунланмаган.
3. “Ўзкимёсаноат” АЖда 4 та, “Иссиқлик электр станциялари” АЖда 3 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлигида 1 тадан ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилган лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш ва самарадорлик билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Мисол учун: Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги иштирокида Тўрақўрғон ИЭС қуриш лойиҳаси фойдаланишга топширилган.
Лекин, инфратузилма объектларининг қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмаган ва пандемия даврида хорижий мутахассислар синов ва созлаш ишларига жалб этилмаганлиги туфайли 2-чи буғ-газ қурилмаси жорий йилнинг I ярмида 73,3 фоиз ўрнига 33,8 фоиз қувватда ишлаган.
Таҳлил натижаларига кўра лойиҳалар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва кўрсатмалар ишлаб чиқилди.
Ҳисоб палатаси томонидан ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилган лойиҳаларни мониторинг қилиш ва самарадорлигини таҳлил қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
30 Сентябр 2020
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |