Давлатимизнинг Инвестиция дастурларида белгиланган лойиҳаларни амалга оширилишида Ҳисоб палатаси ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда

Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ – 4563-сон қарорига асосан 2020 йилда умумий қиймати 72,3 млрд долларни ташкил қилувчи 878 та инвестиция лойиҳалари ва ташриф баёнларига киритилган 38 млрд долларлик 13 313 та ҳудудий лойиҳалар устидан тизимли равишда мониторинг ва назорат ишлари йўлга қўйилган.

Инвестиция лойиҳаларини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга кўмаклашиш борасида идоравий ҳамкорлик, маълумотлар алмашинуви, инвестициялар самарадорлигини таҳлил қилиш, муҳокамалар ўтказиш ва жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш каби ишлар ташкил қилинган.

Ушбу кўмак якунида жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига Инвестиция дастури доирасидаги қиймати 2,3 млрд долларлик жами 44 та ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди ва натижада Республикамиз иқтисодиётнинг реал сектори ва аҳолининг ишсизлик даражаси юқори бўлган худудларда жами 9 144 та янги иш ўринлари яратилди.

Йил якуни билан жами 206 та ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши ва яна 22 096 та иш ўринлари ташкил этилиши кутилмоқда.

Ҳисоб палатаси ходимлари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳолати бўйича 11 та республика ҳудудларида бевосита жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар олиб борилди.

Ушбу ўрганишларда умумий қиймати 66,9 млрд доллар эквивалентидаги жами 9 686 та лойиҳалар қамраб олинди.

Ўрганишлар давомида 1,2 млрд доллар миқдоридаги 448 та муаммоли лойиҳаларни амалга оширилишига тўсиқ бўлаётган муаммоли масалалар, жумладан, газ, электр энергияси ва сув таъминоти, ер ва бино ажратилмаслиги, йўл, банк кредити ва бошқа шу каби масалалар жойида ўрганилиб, ҳал этилиши ва назоратга олиниши натижасида ушбу лойиҳалар амалга оширилишига эришилган.

Тижорат банклари томонидан хорижий банклар ва халқаро молиявий институтларнинг кредит линияларини жалб қилиниши, шу жумладан инвестиция дастури доирасида белгиланган режа кўрсаткичларининг бажарилиши ҳолати юзасидан ҳам таҳлиллар олиб борилди.

Натижада, кредит линияларини жалб қилиш бўйича тегишли ишларни ташкил қилмаган 10 та ҳамда кредит линиялари маблағлари қолдиғи кам миқдорни ташкил қилувчи 9 та банклар бўйича Марказий банк ва тижорат банкларига тегишли кўрсатмалар юборилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2020 йилларда Яшнобод туманига ташрифлари давомида берилган топшириқларни амалга оширилиш жараёни ўрганилди.

Ташриф баёнларида 7,5 трлн сўмлик 90 та янги лойиҳани амалга ошириш ва 9 894 та янги иш ўринларини яратиш белгиланган бўлиб, ушбу лойиҳалардан 72%  ёки 65 тасига бевосита ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида ташриф баёнларидаги 3 та топшириқ ижросини таъминлаш чоралари кўрилиб, 9 та лойиҳага жами 13,4 млрд сўм ва 714 минг доллар кредитлар ажратилиши ҳамда 15 млн евро кредит линияси очилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Давлат Раҳбарининг 2019 йил 1 ва 3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифлари давомида белгилаб берган топшириқларига кўра, Ҳисоб палатаси Янгийўл шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича доимий бириктирилиб, бир қатор ишлар амалга оширилди ва кескин ижобий натижаларга эришилди.

Мисоллар тариқасида, бевосита Ҳисоб палатаси иштироки билан Янгийўл шаҳрида қилинган ижобий ишлар натижасида 29,1 км ички кўчалар асфальтланди, узунлиги 700 метрлик янги автомобиль кўприги қурилди, 26,3 км ичимлик ва 13,7 км оқава суви тармоқлари капитал таъмирланди, 15 та янги трансформатор ва 715 та таянч устунлари ўрнатилди, 7,9 км 6 кВтлик кабель тармоғи ва 34,9 км замонавий сим кабель ўтказилди, 28,3 км газ тармоғи таъмирланди, 40 га яқин давлат идоралари ва ижтимоий соҳа объектлари қурилди ва таъмирланди, 12 та мактаб мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди.

2019 йил ва 2020 йилнинг 1 ярим йиллиги даврида Янгийўл шаҳрида кўзда тутилган жами 304 та объектлардан (598,8 млрд сўм) 248 тасида (303 млрд сўм) қурилиш ишларини якунланишига эришилди. Қолган объектларда қаттиқ назорат остида ишлар давом этмоқда.

25 Сентябр 2020

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея