“Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик тизими”ни жорий этиш бошланди
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йилнинг 29 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда улкан қадам бўлди.
Фармон ижроси доирасида вазирлик ва идораларда коррупциянинг хар қандай кўринишига чек қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Давлат раҳбарининг топшириғига асосан Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда вазирлик ва идораларда “яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик тизими”ни изчил жорий этмоқда.
Бугунги кунда 26 та вазирлик ва идораларда Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш юзасидан 7 та йўналишда ўртача 40 тадан ортиқ аниқ тадбирларни ўз ичига олган кенг қамровли “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, жорий йилда ушбу вазирлик ва идораларда “коррупцияга қарши мувофиқлик” тизимини жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу тадбирлар ижроси доирасида Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан жорий йилнинг 25 сентябрь куни 30 га яқин вазирлик ва идораларнинг 100 дан ортиқ вакиллари учун нуфузли хорижий экспертлар иштирокида онлайн вебинар ташкил этилди.
Унда “Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими ИСО 37001 стандартининг аҳамияти” мавзусида тақдимот ўтказилди. Маърузада коррупцияга қарши мувофиқлик тизими хусусида маълумот берилди.
Вебинар давомида касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш юзасидан тавсиялар берилди.
28 Сентябр 2020
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |