ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ҲИСОБЛАШ УЧУН ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН МАЪЛУМОТЛАР БАЗАЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИЛИГИНИ БАҲОЛАШ ЮЗАСИДАН ЎРГАНИШЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА
Ҳисоб палатаси томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини баҳолаш, шунингдек яширин иқтисодиётни олдини олиш юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўрганишлар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базасининг ишончлилиги ҳамда олдин ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқлар ижроси ўрганилди.
Ўрганишда берилган топшириқлар якунига етказилмаганлиги, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда фойдаланиладиган электрон маълумотлар базалари шакллантирилмаганлиги, тегишли ташкилотлар билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилмаганлиги ҳамда тизимга дастурий таъминотлар жорий қилинмаганлиги маълум бўлди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида, вазирлик тизимида маълумотлар базаларини шакллантириш ҳамда тегишли ташкилотлар билан ахборот алмашишни йўлга қўйиш орқали Давлат бюджетига 53 млрд.сўм, Вазирлик жамғармасига 58 млрд.сўмдан ортиқ маблағларни жалб қилиш имкониятлари мавжудлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ўрганилганда тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ жорий қилинмаганлиги, ягона (такрорланмас) идентификациялар мавжуд эмаслиги, электрон назорат функцияларининг қўлланилмаслиги, ички ва ташқи фойдаланувчилар билан ўзаро ахборот алмашиш тизимлари тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, меҳнат ресурслари ҳисобини юритишда ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмаганлиги ҳамда маълумотларни қайта ишлаш ва алмашишда инсон фактори аралашувини юқорилиги маълум бўлди.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида фаолият кўрсатувчи нодавлат ташкилотлар томонидан ҳар бир юборилган фуқаро учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ставка бўйича ажратмалар ажратилиши лозим. Ўрганишда мазкур ажратма ставкаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланмаганлиги натижасида, Жамғармага фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида фаолият кўрсатувчи нодавлат ташкилотлар томонидан ишга юборилган 2 897 нафар фуқаро учун ажратмалар йўналтирилмаганлиги аниқланди.
Шу билан биргаликда, Вазирлик тизимидаги ташкилотларда солиқ қонунчилигига риоя қилиниши ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаси таҳлили натижасида бюджетга 2,3 млрд.сўм қўшимча даромадларни жалб қилиш имконияти мавжудлиги аниқланди.
Ўрганишлар якуни бўйича Қурилиш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасига соҳада қўлланилаётган ахборот тизимларини янада такомиллаштириш ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар юборилди.
Шунингдек, Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича вазирликлар билан ҳамкорликда 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.
23 Сентябр 2020
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |