Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Ҳисоб палатаси томонидан Андижон вилоятида ўтказилган ўрганиш якунлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Ҳисоб палатаси томонидан жорий йилнинг март ойида Андижон вилоятида Президент топшириқлари ижроси, Давлат раҳбарининг олий даражадаги ва ҳудудларга ташрифлари ҳамда инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳалар ҳолати, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси ижроси, маҳаллий бюджетларга қўшимча манбаларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги таҳлил қилинди.
Ўтказилган таҳлиллар якунлари 2020 йил 4 май куни сенаторлар, Андижон вилояти Халқ депутатлари вилоят кенгаши аъзолари, масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида аниқланган камчиликлар ва мавжуд муаммоларни эътиборга олган ҳолда муҳокама қилинди.
Мажлис Сенат раҳбарияти, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолари, Ҳисоб палатаси ходимлари, Андижон вилояти ҳокимлиги раҳбарлари ва вилоятнинг тегишли соҳалари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Сенатнинг яқинда ташкил этилган – Бюджет бошқармаси вакили иштирокида “онлайн” видеоконференция тарзида ўтказилди.
Мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев, Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Б. Турабовларнинг ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича ахбороти, вилоят ҳокимлиги ва тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари ижросини таъминлашдаги, олий даражадаги ва ҳудудларга ташрифлар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳамда инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишидаги муаммолар ва масъулларнинг жавобгарлиги муҳокама қилинди.
Шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўрсаткичларининг 9 фоизга, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси ижроси бўйича ҳисоботда яратилган янги иш ўринлари 7900 тага қўшиб ёзилганлиги таъкидланди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида маҳалий бюджетга 92 млрд.сўмдан зиёд қўшимча даромадларни жалб этиш имконияти мавжудлиги ҳисоб-китоб қилинганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 40 фоизи бандликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишга, 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга умуман сарфланмаган бир пайтда, қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 112,4 млрд.сўм манбасиз, асоссиз, мақсадсиз харажатларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилашга ажратилган 4,9 млрд.сўм маблағлар самарасиз сарфланганлиги ҳисобига 2018 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган Хонобод шаҳар “Тейит”, “Фозилмон” ва “Хидирша” МФЙлар, Андижон тумани “Нўхатак” МФЙ, Хўжаобод тумани “Хидирша” МФЙда сув тармоқларини қуриш ишлари якунига етказилмаганлиги ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаганлиги кенг муҳокама қилинди.
Шу каби, вилоятдаги 9 та ижтимоий соҳа объектлари қурилиши ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун тузилган лойиҳа-смета хужжатларида кўзда тутилган 1,2 млрд.сўмлик жиҳоз ва ускуналар ўрнига бошқа турдаги жиҳоз ва ускуналар ўрнатилганлиги ҳолати жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Мисол тариқасида, Избоскан туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби биносини реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатидаги 2 дона қиймати 342 млн.сўм иситиш печи ўрнига лойиҳа-сметада кўзда тутилмаган, нархи номаълум 2 дона аввал фойдаланишда бўлган иситиш печи ўрнатилганлиги келтириб ўтилди.
Аниқланган ҳолатларга сенаторлар томонидан жиддий эътирозлар билдирилган ҳолда, атрофлича муҳокама қилинди ҳамда қатор мутасаддиларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди.
Мажлисда маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш йўналишида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тўпланган материаллар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилганлиги билдирилди.
Мажлис якунида вилоят раҳбариятига ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш, қўшимча даромад манбаларини жалб қилиш юзасидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда камчиликларга йўл қўйган раҳбар ҳодимларнинг масъулиятини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шу билан бирга, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрганишлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Ҳисоб палатаси ҳамкорликда ўтказилиши келишиб олинди.
Андижон вилоятида ўтказилган ўрганиш якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг қарори қабул қилинди.
4 Май 2020
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |