Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва моляивий назорат хизмати ҳамкорликда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан ўрганиш ўтказилди

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий соҳани молиялаштириш учун ажратилаётган молиявий ресурсларнинг ҳажми йилдан йилга ортиб бораётганлиги мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири бўлган ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг катта аҳамиятга эга эканлигини билдиради.

Ушбу ажратилаётган бюджет маблағларининг самарали, оқилона ва қонуний сарфланиши албатта давлатнинг ўз олдига қўйган мақсадларига қисқа муддатларда сифатли эришишига замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ижтимоий соҳа харажатларини салмоқли қисмини амалга оширувчи - Халқ таълими вазирлигининг 2018-2019 йилларда бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ва натижадорлигининг таҳлили, тизимда амалга оширилган қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари ва жиҳоз сотиб олиш учун ажратилган маблағлар сарфланишини қонунийлиги ҳамда 2020 йилги харажатларни мақбуллаштириш имкониятларини аниқлаш бўйича Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати билан ҳамкорликда жорий йилнинг январь ойи давомида ўрганиш ўтказилди.

Ўтказилган ўрганиш натижасида Халқ таълими вазирлиги тизими ташкилотлари томонидан жами 192,2 млрд.сўмлик молиявий хато
ва камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Соҳада хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ойлик иш ҳақи учун ажратилган маблағларнинг 52,5 млрд. сўмлик қисми ноқонуний ўзлаштириш, ортиқча тўловлар ва ўғирлик натижасида талон-тарож қилинган.

Тизим ташкилотлари томонидан амалга оширилган харидлар таҳлили натижасида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этмаган ҳолда 56 млрд.сўмлик шартномалар тузилганлиги маълум бўлди.

Хусусан, давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиб, шартнома қийматини сунъий равишда бир неча қисмларга бўлган ҳолда 27,3 млрд.сўмлик харидлар амалга оширилган бўлса, ҳеч қандай асоссиз 14,9 млрд.сўмлик тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.

Бундан ташқари умумтаълим мактабларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун ажратилган 27,8 млрд. сўм бюджет маблағлари самарасиз сарфланганлиги ва Халқ таълимидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағларининг 21 млрд.сўмлик қисми нотўғри сарфланиши ҳамда 34,9 млрд. сўмлик бошқа хато ва камчиликлар аниқланди.

Аниқланган хато ва камчиликларнинг 27,1 млрд.сўмлик қисми ўрганиш жараёнида бартараф этилди.

Тизимда амалга оширилган ўрганиш натижаси бўйича аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва уларни келгусида такрорламаслик юзасидан Ҳисоб Палатаси томонидан 10 та йўналиш бўйича 28 та таклиф ишлаб чиқилди, тизим ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Ушбу таклифлар асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда йўл харитаси ишлаб чиқилиши белгилаб олинди. Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимни бошқариш бўйича ягона электрон дастурий мажмуани яратиш режа қилиб олинди.

Ўрганиш натижаси бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан жамланма маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига киритилди.

4 Май 2020

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея