Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

26.08.2026

“Агропарранда кластери” лойиҳасини молиялаштириш ва “Паррандасаноат” уюшмасини сақлаш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 июндаги “Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–238-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, “Паррандасаноат” уюшмаси ва “Микрокредитбанк” АТБда ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш жараёнида лойиҳа доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан унумли фойдаланиш, янги иш ўринларини яратилиши, кичик қувватдаги паррандачилик хўжаликлари билан кооперация тизимига асосланган “Агропарранда кластери” лойиҳасини молиялаштириш масалаларига эътибор қаратилди.


“Агропарранда кластери” лойиҳасининг умумий қиймати 100 млн АҚШ долларини ташкил этиб, 2024–2026 йилларда республикамизнинг 3 та ҳудудида амалга оширилиши белгиланган.


Маблағлар манбалари: Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси – 35 млн долл., халқаро молия институтлари – 40 млн долл., лойиҳа ташаббускорлари – 25 млн долл.


Лойиҳа доирасида 01.06.2026 йил ҳолатига 46,8 млн долл. ўзлаштирилган (шундан, 30,4 млн долл. лойиҳа ташаббускори маблағлари).


Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан йўналтирилган маблағлардан 16 млн долл ёки 47 фоизи ўзлаштирилган.


Лойиҳа доирасида:


– Ғаллаорол, Булунғур ва Оҳангарон туманларида йиллик умумий қуввати 675 минг бош бўлган I – II тартибли репродуктор наслли парранда боқишга мўлжалланган фермалар;


– Ўртачирчиқ туманида 18 млн бош жўжа чиқариш инкубаторияси, Жомбой туманида 32 минг тонна махсус парранда озуқаси ишлаб чиқариш заводи ишга туширилган.


Оҳангарон туманида йиллик қуввати 700 минг тонна парранда озуқаси ишлаб чиқариш заводи қурилиши давом этмоқда (2,5 км темир йўл, 1,4 км электр ва 1,7 км газ тармоқлари ўз маблағлари ҳисобидан тортиб келинган).


Ўрганиш жараёнида қуйидаги камчиликлар ва муаммоли масалаларга эътибор қаратилди:


-“Агропарранда кластери” лойиҳасини амалга ошириш учун Оҳангарон туманидан танланган 104 гектар ер майдони ажратилмаган;


-Паррандачилик соҳасидаги тадбиркорлар учун маҳсулотлар нархлари ва ишлаб чиқариш ҳажмлари таҳлили учун ишлаб чиқилган электрон дастурда концепцияда белгиланган талаблар тўлиқ ишга туширилмаган. Бунинг натижасида ҳозирда бирорта корхона дастурга уланмаган;


-Паррандачилик соҳасини 2025-2027 йилларда ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган бўлсада, ҳозирга қадар мазкур стратегияни тасдиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинмаган.


Кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда лойиҳани муддатида ишга тушириш мақсадида қуйидаги таклифлар берилди:


-Вазирлар Маҳкамасининг “Паррандачилик соҳасини 2026-2028 йилларда ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тегишли тартибда тасдиқланишини жадаллаштириш чораларини кўриш;


-Оҳангарон туманида тоифаси ўзгартирилган 27 гектар ер майдонини ҳамда иккинчи босқич учун танланган 70,1 гектар ер майдони тоифасини белгиланган тартибда ўзгартириб, “Агропарранда кластери” МЧЖга ажратиш бўйича зарур чораларни кўриш;


-электрон ахборот дастурини техник топшириққа мувофиқ тўлиқ ишлашини таъминлаш орқали доимий мониторинг тизимини йўлга қўйиш;


-чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун халқаро молия институтлари билан музокаралар ўтказиб, соҳага инвестиция жалб қилиш чораларини кўриш;


-Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда ажратилган ресурс маблағларидан самарали фойдаланиш чораларини кўриш.


Аудит жараёнида соҳада аниқланган камчиликлар масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишини олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

 


img