Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

05.04.2026

Алоқабанкда “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида ёшларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлик аудити

Ҳисоб палатаси томонидан Алоқабанкда “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида ёшларга иш ўринларини яратиш ҳамда уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлик аудитидан ўтказилди.

Аудит жараёнида дастур доирасида ажратилган имтиёзли маблағлардан унумли фойдаланиш, ёшлар учун иш ўринларини яратиш, стартап лойиҳаларини молиялаштириш масалаларга кўпроқ эътибор қаратилди.


Дастур доирасида “Ёшлар учун иш ўринлари”, “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳалари доирасида маблағлар ажратилиб, ёшларнинг бандлиги таъминланган ва стартап лойиҳаларга инвестициялар киритилган.


Дастур доирасида 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига 904,6 млрд сўмлик 8 206 та кредитлар ажратилган.


Банк устав капиталига йўналтирилган маблағлар ҳисобидан 33 та стартапларга 25,7 млрд сўм (2,1 млн долл.) инвестициялар киритилган.


Аудит жараёнида қуйидаги хатоликлар аниқланган:


– ажратилган кредитларнинг 3 571 таси бўйича мониторинг кечиктирилиб ўтказилган бўлса, 1 434 тасининг мақсадлилиги ўрганилмаган;


– айрим ҳолатларда кредитларни мақсадсиз ишлатиш ҳолатларига йўл қўйилган. Жумладан, кредит пуллари келиб тушган пластик карталар орқали маблағлар спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, туристик хизматлар, банк кассалари орқали хорижий валюта сотиб олиш учун сарфланган;


– Банк томонидан имтиёзли ресурслар бошқа банклардан (Ипак йўли банки, Инфинбанк, Даврбанк) жалб қилинган депозитларни қоплашга ҳамда давлат қимматли қоғозларини сотиб олишга йўналтирилган;


– Дастур доирасида кредит олган тадбиркорлик субъектларига бепул хизмат кўрсатилиши белгиланган бўлсада, хизмат фоизи ундириш ҳолатлари мавжуд;


– иш ўринлари яратиб ўзини-ўзи банд қилган 480 нафар шахслар ўрганиш кунига фаолиятини тўхтатган;


– “Ёшлар учун иш ўринлари” лойиҳаси доирасида яратилган иш ўринлари сони бизнес-режада кўрсатилганидан 1 310 тага кам.


Аудит натижалари бўйича Дастур доирасида ажратилган имтиёзли маблағлардан унумли фойдаланиш, ёшлар учун иш ўринларини яратиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритилди.


Бундан ташқари, хатоликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида Марказий банк ва Алоқабанкка кўрсатмалар киритилди. Натижада:


- Алоқабанк бошқаруви томонидан 24 та банддан иборат чора-тадбирлар дастури тасдиқланди;


- кредит маблағлари тушадиган банк карталарини спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, туризм, коммунал тўловлар, овқатланиш ва озиқ-овқат дўконлари терминаллари орқали ишлатилишига техник чеклов ўрнатилди;


- кредит маблағлари ажратилган жисмоний шахсларнинг ўзини ўзи банд қилганлиги юзасидан Солиқ органлари базаси билан маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди;


- асоссиз ундирилган банк даромади тадбиркорларга қайтарилди.


Аудит натижаси бўйича берилган таклифлардан келиб чиқиб:


- Стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2026 йил 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-59-сон қарори қабул қилинди;


- 2026-2028 йиллар учун мақсадли кўрсаткичларни белгилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.


img