Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

02.01.2025

Уй-жойларни ҳисобга олиш ва маҳаллий бюджет даромадларини ошириш имкониятлари ўрганилди

Ҳисоб палатаси томонидан Кадастр агентлиги билан биргаликда уй-жойларни ҳисобга олиш тизими, унинг солиқ базасига таъсири ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш имкониятлари ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида сўнгги йилларда аҳолига тегишли уй-жойлар ва улардаги қўшимча қурилмаларни кадастр ҳисобида акс эттириш борасида ижобий ўзгаришлар кузатилгани аниқланди.


Хусусан, ҳисобга олинган уй-жойлар сони 2020 йилга нисбатан қарийб 700 мингтага ошган. Бу эса мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобига маҳаллий бюджетлар учун қўшимча даромад манбалари шаклланишига хизмат қилган.


Шу билан бирга, ўрганишда қўшимча қурилмаларни кадастр базасига киритиш ишларида тизимли муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан:


-фуқаролар томонидан ўз ер участкаларида амалга оширилган қурилишлар тегишли тартибда расмийлаштирилмагани ва кадастр маълумотларида акс эттирилмагани сабабли солиқ солиш базаси тўлиқ шаклланмаган;


-айрим ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар қурилиш объектларининг амалдаги ҳолати билан кадастр маълумотлари ўртасида жиддий тафовутлар борлигини кўрсатди. Бу ҳолатлар маҳаллий бюджетларга мол-мулк солиғи тушумларининг камайишига олиб келмоқда;


-жисмоний шахсларга тегишли ер участкаларидаги қурилишларни ўрганиш учун кадастр ва қурилиш органларининг объектга кириш ваколати етарли даражада белгиланмаган. Натижада қўшимча қурилмаларни аниқлаш, уларни расмийлаштириш ва солиқ базасига киритиш жараёни мураккаблашмоқда;


-кейинги йилларда нотурар объектларни турар жойга ихтисослаштириш ҳолатлари кўпайган бўлиб, айрим ҳолатларда белгиланган талаб ва шартларга тўлиқ риоя этилмаган ҳолда берилган рухсатномалар натижасида солиқ базасининг қисқариши ва иш ўринлари яратиш имкониятларининг йўқотилишига олиб келувчи ҳолатлар аниқланган.


Аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида кўчмас мулкларни ҳисобга олишнинг ариза асосидаги тизими билан бир қаторда тизимли ва мунтазам хатлов механизмини жорий этиш таклиф қилинди.


Бунда ҳудудлардаги кўчмас мулк объектларини босқичма-босқич тўлиқ хатловдан ўтказиш, аниқланган қўшимча қурилмаларни расмийлаштириш учун мулкдорларга имконият бериш ва расмийлаштирилмаган объектларни кадастр ҳамда солиқ базаларида акс эттириш назарда тутилмоқда.


Шунингдек, аҳоли учун уй-жой ва ёрдамчи биноларни расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш, намунавий лойиҳалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, кўчмас мулкларни ихтисослаштиришни ўзгартиришда аниқ талабларни белгилаш ҳамда ишлаб чиқариш учун қулай ҳудудлардаги объектларни асоссиз равишда турар жой тоифасига ўтказишнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.


Мулкдорларнинг масъулиятини ошириш, рухсатсиз қурилишларга нисбатан жавобгарлик чораларини такомиллаштириш ва кадастр маълумотларини ягона рақамли тизимларда ўз вақтида акс эттириш ҳам таклифлар қаторида белгиланди.


Мазкур чораларнинг амалга оширилиши кўчмас мулк объектларининг тўлиқ ва аниқ ҳисобини шакллантириш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромад манбаларини оширишга хизмат қилади.


img