08.07.2026
Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти учун бюджетдан ажратилган субсидияларнинг асослилиги бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари
Ҳисоб палатаси томонидан Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти учун бюджетдан ажратилган субсидияларнинг асослилиги ўрганилди.

Бунда, ажратилган субсидияларнинг ҳисоб-китоблари билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Veolia Energy Tashkent” махсус лойиҳа компанияси ўртасида имзоланган давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим ижроси таҳлил қилинди.
Битим доирасида махсус лойиҳа компанияси томонидан 20 млн евро тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган ва қуйидаги ишлар амалга оширилган:
-лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларида замонавий, қуввати 30 МВтлик “Водник” ва 18 МВтлик “Саноат энерго” қозонхоналари қурилган;
-Бектемир туманидаги “Водник” ҳамда Сергели тумандаги “Қурувчи” даҳалари иссиқлик тизими тўлиқ “ёпиқ“ тизимга ўтказилган.
13 км янги замонавий қувурларга алмаштирилган, 108 та кўп қаватли уйлар ва 16 та ижтимоий соҳа объектларига 144 та индивидуал иситиш пункти ўрнатилган.
-Тошкент шаҳар марказлашган иссиқлик таъминоти тизими тўлиқ техник аудитдан ўтказилган.
Шу билан бирга, бир қатор кўрсаткичлар, хусусан иссиқлик станциялари, ҳисоблагичлар, мобил қозонхоналар ва махсус техникаларни харид қилиш бўйича режалар паст даражада бажарилган.
Жумладан:
1,1 минг та иссиқлик станцияларини ўрнатиш 28 фоизга (309 та) бажарилиб, уларнинг 153 таси эксплуатацияга топширилган бўлса, 4,2 км янги иссиқлик тармоғи қуриш режаси бажарилмаган;
22,3 гкал/с маҳаллий қозонларни модернизация қилиш 94 фоизга (21 гкал/с) бажарилган бўлса, 2 дона мобил қозонхона харид қилинмаган;
13,6 мингта иссиқлик энергиясини ўлчаш мосламасини ўрнатиш 6,9 фоизга (941 та), 259,3 мингта иссиқ сувни ҳисобга олиш мосламасини ўрнатиш 31 фоизга (81,6 мингта ) бажарилган;
219,3 мингта ақлли ҳисоблагичлардан фақат 127,6 минг та (58 фоиз) харид қилиниб, 96 мингта (44 фоиз) ҳисоблагич ўрнатилган.
Битимга кўра дастлабки 15 йилда амалдаги штатлар сонини босқичма-босқич мақбуллаштириш келишилган бўлиб, амалда бу бўйича ишлар бошланмаган.
Давлат шериги Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан битим шартларига кўра соҳани ривожлантиришга оид 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилмаган.
Олиб борилган тизимли таҳлиллар ва соҳадаги ўрганишлар натижалари ушбу йўналишда эришилган ижобий ишлар билан бир қаторда, лойиҳа самарадорлигини янада ошириш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган бир нечта муҳим масалалар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан:
1. Соҳани бюджетдан субсидиялаш тизимини янада такомиллаштириш зарурати мавжуд. Яъни, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш учун субсидиялар ҳажмини фақат прогноз кўрсаткичлари асосида ажратмасдан, йил якуни бўйича ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатлари ва реал сотув ҳажмларидан келиб чиқиб қайта ҳисоб-китоб қилиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Ўрганиш жараёнида субсидия ажратишда бюджетдан ортиқча ҳисоб-китоб қилинганлиги натижасида юзага келган ноаниқликлар бартараф этилди ва 187,7 млрд сўм бюджетга тикланди.
2. Тариф сиёсатини мувофиқлаштириш, истеъмолчилар тоифалари (аҳоли, бюджет ташкилотлари ва юридик шахслар) ўртасидаги нарх мутаносиблигини бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиш орқали тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлайди.
3. Иссиқлик таъминоти тизимидаги модернизация ишларининг энг асосий баҳосини истеъмолчилар беради. Хусусан, кейинги йилларда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар сонининг ортиши ҳам соҳада сифат назоратини кучайтиришни талаб этади.
Аҳолидан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти бўйича 2020 йилда 1 229 та мурожаат тушган бўлса, 2025 йилда улар сони 9 449 тага етган ёки қарийб 8 баробарга ошган.
Миробод (9,7 баравар), М.Улуғбек (9,1), Яшнобод (8,2), Олмазор (8,1), Юнусобод ва Чилонзор туманларида (7,2) ўсиш энг юқори.
Иссиқлик тизимининг техник ҳолатини кўрикдан ўтказиш ва аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этувчи махсус ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш тавсия этилади.
4. Бугунги кундаги глобал иқлим ўзгаришлари ва қиш мавсумининг қисқариши жараёнларини инобатга олиб давлат шериги Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини янгилаш ишларини жадаллаштириши лозим.
Тошкент шаҳри бўйича турар жойларни иситиш меъёрларини замонавий иқлим параметрларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш бюджет маблағларининг ортиқча сарфланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш – фақатгина бир ташкилотнинг эмас, балки давлат ва хусусий шерикнинг ҳамкорликдаги масъулиятидир.
Ўрганиш якунларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Veolia Energy Tashkent” махсус лойиҳа компаниясига, шунингдек тегишлилиги бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасига:
хатоликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилмаслиги, шунингдек фаолиятни такомиллаштириш мақсадида ўрганиш натижаларини танқидий муҳокама қилиш;
йил якунлари бўйича молиявий кўрсаткичларни ҳақиқий харажатлар асосида қайта ҳисоблаш;
ДХШ мажбуриятлари ижросидан келиб чиқиб келгуси давр учун аниқ Чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тизимининг йўлга қўйилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар киритилди.

Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_216eddd218e25f8eaa1ee2b9.jpg)
Aксилкоррупция тармоғи халқаро тадбири бўлиб ўтди
1947
27.05.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/7f8f3baf-f6f4-aa56-9c1a-0cedc39e389c.png)
Ҳисоб палатасининг 2024 йил якунлари бўйича брифинги
1868
13.01.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_a83293bcc3eafcb8a42cdedb.jpg)
БАЙРАМ ТАБРИГИ
2984
08.12.2025
Словения Ҳисоб суди расмий сайтида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегациясининг ташрифи ёритилди
602
24.04.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_34ca8b5cd7ed4a66ac391b33.jpg)
Қирғизистонлик аудиторлар: “Тошкентдаги конференция янги даврни бошлаб беради”
685
25.05.2026