Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

26.05.2026

“Сунъий интеллект технологиялари давлат аудити соҳаси интеллектуал ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқади”

Тошкент шаҳрида “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва Катта ҳажмли маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция доирасида иштирок этган Хитой Халқ Республикаси Миллий аудит идораси (CNAO) Бош аудитор ўринбосари Ма Вэньхуэй тадбирнинг аҳамияти ва давлат аудитини рақамлаштириш бўйича Хитой тажрибаси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Бош аудитор ўринбосари Ма Вэньхуэй, аввало, АЗОСАИ Бош котиби ҳамда Хитой Миллий аудит идораси Бош аудитори Хоу Кай номидан конференция муваффақиятли ўтказилаётгани муносабати билан табриклари ва эзгу тилакларини етказди. У рақамли технологиялар аудит соҳасини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил эканини таъкидлади.


Унинг таъкидлашича, бу борада сўнгги йилларда Хитой Миллий аудит идораси рақамли технологиялар асосида аудит салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб, замонавий аудит усуллари ва воситаларини кенг жорий этишни жадаллаштирди. Шунингдек, рақамли трансформация орқали аудит тадбирлари самарадорлигини ошириб, марказлашган, ягона, ҳар томонлама қамраб олувчи аудит назорати тизимини шакллантиришга ҳисса қўшди.


Хитой делегацияси раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ушбу конференцияни ташаббус билан ташкил этганини юксак баҳоланди.


Тадбирда турли мамлакатлардан ташриф буюрган вакиллар аудитнинг рақамли трансформацияси концепцияси ва усуллари, аудитда сунъий интеллектдан фойдаланиш, катта ҳажмли маълумотлар аудити, масофавий аудит ва автоматлаштирилган назорат, шунингдек, киберхавфсизлик ва ахборотни ҳимоя қилиш каби долзарб мавзулар бўйича чуқур фикр алмашилди.


Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки йилда “ChatGPT” ва “DeepSeek “каби генератив сунъий интеллект технологияларининг пайдо бўлиши барча соҳаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича катта турткига сабаб бўлди.


“Агар катта ҳажмли маълумотлар технологияси давлат аудити соҳасида маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиш орқали аудитни танлама асосидаги текширувдан тўлиқ ҳажмли аудитга ўтказган бўлса, сунъий интеллект технологияларини қўллаш янада илғор ва маълумотларни чуқур қайта ишлаш имкониятлари билан аудит соҳасини албатта интеллектуал ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқади”, — деди у.


Бундан ташқари, Хитойлик экспертлар ИНТОСАИ, АЗОСАИ ва турли давлатларнинг Олий аудит органлари мазкур йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишларда, шу жумладан ҳуқуқий базани такомиллаштириш, маҳсус инфратузилмани барпо этиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда халқаро миқиёсидаги тажриба алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли ютуқларга эришганини Олий аудит органларининг ўзаро тажриба алмашуви учун мустаҳкам замин яратганини алоҳида қайд этилди.


Конференцияда Хитой делгацияси вакиллари томонидан ўз мамлакатининг ушбу соҳадаги амалий тажрибасини батафсил тақдимот қилинди.


Тақдимотда:


-аудит жараёнларида сунъий интеллект технологиялари ва рақамли воситалардан фойдаланиш орқали аудит таҳлили сифати, тезкорлик ва қарор қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш бўйича маҳсус ёндашувлар;


-катта ҳажмли маълумотлар ва сунъий интеллект каби илғор технологияларни аудитга кенг жорий этиш орқали аудит самарадорлигини ошириш ҳамда давлат бошқарувида ўз ўрнини янада мустаҳкамлаш масалалари кенг ёритилди.


Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифалари ижроси доирасида ташкил этилди.


Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Хитой Халқ Республикаси Миллий аудит идораси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожланиб бормоқда.


Жумладан, 2025 йил 5 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ва Хитой Миллий аудит идораси Бош аудитори, ASOSAI Бош котиби Хоу Кай ўртасида учрашувлар бўлиб ўтган ҳамда 2025–2027 йилларга мўлжалланган Амалий ҳамкорлик режаси (Action Plan) имзоланган эди.


Ушбу ҳужжатга кўра:


-тарафлар давлат аудит соҳасида инновацион ечимлар, аудит жараёнларида рақамли технологияларини тадбиқ этиш, шунингдек мазкур йўналишларда мунтазам равишда тажриба алмашиш;


-аудит амалиётида “Биг дата” ва сунъий интеллект технологияларни қўллаш бўйича амалий семинар ва тренинглар ўтказиш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган. 


img