Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

25.04.2026

Ҳисоб палатасига Словения Республикаси Олий аудит органи делегацияси ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида Словения Республикаси Аудит суди (Олий аудит органи) раиси Яна Ахчин бошчилигидаги делегация билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев қабул қилди.

Маълумот ўрнидаСловения Аудит суди давлат маблағларидан фойдаланишни назорат қилувчи мустақил давлат органидир. У Словения давлати ва Европа Иттифоқи маблағларидан фойдаланадиган барча муассасаларни аудитдан ўтказади. Идора Миллий Ассамблея (Парламент)га ўзининг фаолияти бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этади.


Учрашув аввалида мазкур ташриф Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим қадам экани таъкидланди. Бу жараёнлар икки давлат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотлар натижаси экани алоҳида айтилди.


Словениянинг давлат бошқаруви, шаффоф молиявий тизим ва аудит соҳасида эришган ютуқларини юқори баҳоланиб, ушбу тажрибалар Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.


Учрашувда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, давлат аудитини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, рақамлаштиришни таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.


Жумладан, Ҳисоб палатаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент Фармонлари, “Масофавий аудит” ахборот тизими, сунъий интеллектга асосланган “HP-AI Audit Assistant” платформаси ҳамда Big Data технологиялари асосида бюджет маблағларининг самарадорлигини онлайн назорат қилиш тизими жорий этилгани таъкидланди.


Словения вакиллари томонидан ушбу идоранинг фаолияти, ҳуқуқий асослари, унинг олдида турган мақсад ва вазифалари ҳамда аудит мавзуларини танлаш ёндашувлари бўйича тематик презентациялар тақдим этилди.


Ўз навбатида, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси аудиторлари томонидан давлат бюджетини аудит қилиш ва назорат механизмлари, халқаро стандартларни аудит жараёнларига жорий қилиш, рақамли трансформация ва масофавий назоратни ташкил этиш мавзуларида презентациялар қилинди.


Учрашув якунида икки идора ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат асосида Томонлар ташқи давлат аудити методологияси соҳасида тажриба алмашиш, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва профессионал кўникмаларини ошириш, ҳужжатлар алмашиш ҳамда ўзаро маслаҳатлашувлар, қўшма ва параллел аудитлар ва тематик вебинарлар ўтказишга келишиб олди.


Словения Аудит судининг аудит якунлари бўйича ҳисобот тайёрлаш тажрибаси (Post-audit report) ўрганилиши белгиланди. Словениянинг давлат маблағларидан фойдаланувчиларга уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича профессионал маслаҳат бериш тажрибаси таҳлил қилиниб, тегишли тартибда жорий этилиши ҳам кун тартибидан жой олди.


Шу билан бирга, Словения Аудит судининг қуйидаги йўналишлардаги илғор тажрибаси Ўзбекистон учун алоҳида қизиқиш уйғотаётгани билдирилди:

 

- давлат бюджети ижроси бўйича аудит;


- муниципалитетлар фаолияти аудити;


- давлат улуши мавжуд ташкилотлар аудити;


- инвестиция лойиҳалари ва табиий ресурсларни бошқариш аудити.

 

Томонлар келгусида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ва профессионал салоҳиятни оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.


Словения томони жорий йилнинг сентябр ойида Блед шаҳрида бўлиб ўтадиган “Вишеград гуруҳи 4+2” йиғилишига илк бор Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси таклиф қилинди.


 Учрашув якунида меҳмонларга Ҳисоб палатасида ташкил этилган Масофавий назорат маркази фаолияти билан яқиндан танишиш таклифи берилди.


Мазкур ташриф доирасида ўтказилган мулоқотлар Ўзбекистон ва Словения олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда самарали давлат аудити тизимини ривожлантришга хизмат қилиши кутилмоқда.


img-0
img-1img-2