Ҳисоб палатаси томонидан олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган келишувлар ижросини мониторинг қилиш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг ярим йиллик сарҳисоби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5565-сонли Фармонига мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан келишувлар ижроси бўйича доимий мониторинг ва назорат ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ҳисоб палатаси томонидан ташрифлар доирасида имзоланган ҳужжатлар бўйича қабул қилинган 37 та “Йўл харита”ларида белгиланган чора-тадбирлар хатловдан ўтказилиб, жами 131,5 млрд. АҚШ долл. қийматдаги 3,6 мингдан зиёд келишув ва тадбирлар ижроси бўйича Ягона идоралараро ижро интизоми тизимида (Ijro.gov.uz) маълумотлар базаси яратилди.

Ушбу тизимга уланган 202 та ижрочи вазирлик, идора, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат органлари ҳамда 56 та Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорликда келишувлар ижроси юзасидан онлайн мониторинг юритилиб, назорат ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, тасдиқланган “Йўл харита”ларида  733 та инвестиция келишувлари, 766 та ташқи савдо битимлари ҳамда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ва бошқа йўналишларда 2 118 та келишув ва тадбирлар кўзда тутилган.

Олий даражадаги ташрифлар доирасида Россия, АҚШ, Хитой, Корея, Туркия, Франция, Германия, БАА ва Ҳиндистон давлатлари билан иқтисодий муносабатлар янги босқичга кўтарилди.

Таҳлилларга кўра, ушбу давлатлар резидентлари билан имзоланган инвестиция келишувлари ҳажми 99,5 млрд. АҚШ долл. ёки жами келишувларнинг 91 фоизини ташкил этади.

Қиймат жиҳатидан инвестиция келишувларининг салмоқли қисми ёқилғи-энергетика соҳаси (59,6 млрд.долл. ёки 55%), хусусан Ўзбекнефтгаз, Ўзатом, электр энергияси корхоналари, Энергетика вазирлиги ҳиссасига тўғри келади.

Имзоланган ташқи савдо битимларида экспорт келишувлари 687 та (13 млрд.долл.), импорт келишувлари эса 79 тани (6,8 млрд.долл.) ташкил қилган. Бунда, ташқи савдо битимлари бўйича асосий ҳамкорлар Россия, Хитой, АҚШ,Туркия ва Қозоғистон давлатлари (улуши 89%) ҳисобланади.

Келишувлар ижросини назорат қилиш билан биргаликда, уларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш мақсадида, Ҳисоб палатаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари иштирокида айрим тадбирларнинг кечикиш сабабларини мунтазам муҳокама қилиш ва аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриш йўлга қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан «телекўприклар» ташкил этиш ва Ҳисоб палатасининг бириктирилган ходимлари томонидан масъул вазирлик ва идоралар вакиллари билан тўғридан-тўғри тезкор алоқалар ўрнатиш орқали келишувлар ижро ҳолатига баҳо бериб борилмоқда

Бугунги кунга қадар 288 та инвестиция келишувларини жадаллаштириш бўйича амалий чоралар кўрилди. Жумладан:

114 та келишувлар бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши;

5 та йирик лойиҳалар бўйича бизнес-режа, техник-иқтисодий асос ва лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши;

21 та лойиҳа бўйича ер майдонлари ажратилиши ва лойиҳа дислокацияси белгиланиши;

36 та келишувлар бўйича хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ва маҳаллий ҳамкорларнинг чет элга ташрифлари ташкил этилиши;

- ўзбек банкларининг ҲМИ ва чет эл банклари билан 3 та келишувлар бўйича кредит линиялари очилиши;

4 та йирик келишувлар бўйича хорижий ҳамкорларга узлуксиз электр энергияси, газ таъминоти бўйича ҳамда банк кафолатлари тақдим этилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси ишчи гуруҳи томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар мутахассисларини жалб қилинган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Наманган ва Бухоро вилоятларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ижроси жойига чиққан ҳолда ўрганилди ҳамда уларни жадаллаштириш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

1 Июл 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея