Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда бу маблағлардан мақсадли фойдаланилиши текширилди

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунларига асосан, Ҳисоб палатаси сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади.

 

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ сиёсий партиялар уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш иккита манба ҳисобига амалга оширилади.

Биринчи манба Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўлса, иккинчиси бюджетдан ташқари маблағлар, яъни кириш ва аъзолик бадаллари, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан бериладиган хайрия ёрдамлари ҳисобланади.

Сиёсий партияларга уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори, Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Ушбу маблағлар сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Ўзбекистон Республикаси олий Мажлиси Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қайд этилган қонунчилик талабларига мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши текширилди.

Текширишларда, қонунчилик талабларига мувофиқ даромадларнинг шаклланганлиги ва маблағлар сарфланганлиги ҳамда уларнинг молиявий ҳисоботларда тўғри акс эттирилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2020 йилда сиёсий партиялар жами 105,2 млрд сўм миқдорида даромадга эга бўлиб, уларнинг 83,7 млрд сўм ёки 80 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобига шаклланган.

Ўз навбатида сиёсий партиялар томонидан ўзларининг уставларида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун жами 101,4 млрд сўмлик маблағлар йўналтирилган бўлиб, шундан 71,9 млрд сўми ёки 71 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу маблағлар асосан партияларнинг уставида белгиланган фаолиятини амалга ошириш мақсададида ижро этувчи аппаратни сақлаш, партия аъзоларини оммавий ахборот воситаларида чиқишини ташкил этиш ва кўргазмали тарғибот материалларини нашр этиш, конференциялар ва съездлар ўтказиш, партия фаолларини ўқитиш, семинарлар ва тренинглар ўтказиш ва сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга йўналтирилган.

Шу билан бирга, текшириш натижасида партиялар томонидан қонунчиликка риоя қилинмаганлик натижасида жами 4,3 млрд сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу хато ва камчиликларнинг асосий қисми, яъни 4,2 млрд сўм партияларнинг молиявий ҳисоботларида даромадлар ва харажатлар ҳамда асосий воситаларнинг нотўғри акс эттирилиши ҳисобига вужудга келган.

Камчиликларнинг қолган қисми нотўғри тўланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, солиқлар ва бошқа ҳолатлардир.

Ҳисоб палатаси томонидан ушбу камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилиб, партияларнинг молиявий ҳисоботлари тўғриланди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиш учун хулосалар берилди.

Камчиликларни келгусида қайтармаслик учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаш юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан партияларга тегишли таклифлар юборилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.

20 Апрел 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея