Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йил учун назорат ишлари йиллик дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ҳисоб палатасининг 2021 йил учун назорат ишлари йиллик дастури тасдиқланди.

Дастурда Ҳисоб палатаси томонидан жорий йил давомида 46 та назорат тадбирлари амалга оширилиши кўзда тутилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларини тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган мурожаатномасидаги энг долзарб масалаларни ҳал этилиши ҳамда Давлат дастурлари ижроси учун зарур маблағларни ажратилиши, сарфланиши ва натижадорлиги устидан доимий назоратни ўрнатилиши белгиланди.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ва баҳолашдан ўтказиш, 2022 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқилиши назарда тутилди.

Шунингдек, Ҳисоб палатасига юклатилган вазифалар доирасида 2021 йил давомида 22 та вазирлик, идора ва давлат мақсадли жамғармаларини тасарруф этувчиларда ҳамда 4 та ҳудудда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши, амалга оширилаётган давлат харидларини қонунийлиги, мақсадли дастурларни натижадорлиги, давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар ва бошқа муҳим масалалар юзасидан ўрганишлар ўтказиш белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни амалга оширилиши бўйича тадбирлар белгиланди.

Давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилган 11 та лойиҳа ва дастурларнинг натижадорлиги баҳоланади, ушбу лойиҳалар доирасида маблағларнинг мақсадли сарфланганлиги аудитдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги ПҚ-4812-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат харидлари субъектларининг харид тизимини аудитдан ўтказиш жадвалига асосан халқаро аудиторлик компаниялар томонидан импорт харидлари аудитини ўтказиш жараёнида ҳамкорликни таъминлаш ва аудит натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш режалаштирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқ, 2021 йилдан бошлаб Ҳисоб палатасига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича қўшимча ваколат белгиланди.

Шу мақсадда, Ҳисоб палатасининг 2021 йил учун назорат ишлари йиллик дастурида Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини 1661-моддасида белгиланган тартибда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ барча маълумотларни расмий веб-сайтларда мажбурий тартибда жамоатчилик учун эълон қилиб борилиши устидан доимий назоратни ўрнатилиши белгиланмоқда.

Ҳисоб палатаси томонидан аниқланаётган тизимли қоидабузарликлар сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани ўрганиш орқали амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқилади.

Ҳалқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳорижий мамлакатларнинг олий молиявий назорат органлари ва уларнинг халқаро ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги ПФ-5147-сон Фармонига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Ҳисоб палатаси таркибида халқаро ҳамкорлик масалалари билан бевосита шуғулланадиган алоҳида шўъба ташкил этилди.

2021 йил давомида ўтказиладиган назорат тадбирлари натижалари тўғрисидаги маълумотлар Ҳисоб палатасининг веб-сайти ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилади.

27 Январ 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея